Юрт тинчлиги учун дуо қилаётган 108 ёшли отахон Ҳаж зиёратида

Наманган туманида яшовчи 108 ёшли Иброҳимжон ота Ҳожиев ҳозирда муқаддас Макка заминида бўлиб, Ҳаж зиёратини адо этмоқда. У кишининг муборак сафарлари халқимиз қалбига фахр ва ифтихор бағишламоқда.
Бир асрдан зиёд ҳаёт йўлини босиб ўтган Иброҳимжон отанинг сабр, шукр ва тўғрилик билан ўтган умри бугун яна бир улуғ неъмат ичра давом этмоқда. Нуроний отахоннинг ҳар бир қадами, ҳар бир сўзи ҳаётий донишмандлик билан йўғрилган.
Зиёрат давомида Иброҳимжон ота бутун халқимиз, юртимиз тинчлиги ва фарзандларимиз камолоти учун самимий дуолар қилмоқда.

— Юртимизда тинчлик, халқимизда ҳамжиҳатлик бўлсин. Бу ёшда мана шундай имкониятга эга бўлиш — катта бахт. Шу халқ фарзанди бўлганимдан фахрланаман. Мен ҳар қадамимда дуо қилаяпман: эл тинч, юрт обод, халқ омон бўлсин, — дейди Иброҳимжон ота қисқа суҳбатимиз давомида.

У кишининг Ҳаж зиёрати фақатгина шахсий ниятлар эмас, балки бутун жамиятимиз учун маънавий туртки бўлиб хизмат қилмоқда. Умр бўйи тўпланган сабр, фидойилик ва ватанпарварлик каби фазилатлар бугун самимий дуоларда, ҳар бир юракдан ўтган сўзларда намоён бўлаяпти.
Халқимизнинг қадимий анъаналарида нуронийларнинг дуоси – энг катта барака саналади. Иброҳимжон отанинг зиёрати, дуолари, эзгу сўзлари, албатта, юртимизга файз олиб киради.
Қутлуғ Макка заминида қилинган дуо, улуғ ёшдаги инсоннинг юракдан чиққан сўзлари, иншаллоҳ, қабул бўлади. Ана шундай дуогўй отахонларимиз — энг катта бойлигимиздир!.
Зиёратингиз ва дуоларингиз қабул бўлсин, Иброҳимжон ҳожи ота!

Санжарбек Ҳамидов