Наманган давлат университетига янги ректор тайинланди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга расмий ташрифи юртимиз учун стратегик аҳамиятга эга бўлган муҳим воқеа бўлди. Бу ташриф Ўзбекистон-Венгрия муносабатларининг янги босқичга кўтарилаётганини амалда яққол кўрсатмоқда. 

Айниқса, таълим, илм-фан, маданият ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик масалаларининг алоҳида эътиборга олинаётгани биз, олий таълим муассасалари раҳбарлари ва профессор-ўқитувчилари учун жуда қувонарлидир.  Таълим алмашинуви бўйича «Stipendium Hungaricum» дастурининг давом эттирилиши минглаб иқтидорли ёшларимизга Европа стандартларидаги таълим олиш имконини берувчи муҳим кўприкдир.

Бу дастур орқали нафақат талабаларнинг, балки ўқитувчи ва тадқиқотчиларнинг ҳам ўзаро илмий алмашинуви учун шароит яратилмоқда. Бу, ўз навбатида, университетларимизда глобал илм-фан муҳитини шакллантириш, инновацион ғояларни татбиқ этиш ва замонавий методикаларни ўзлаштиришда катта аҳамият касб этади.

Энг эътиборлиси, икки давлат ўртасида тан олинадиган дипломлар бериш тизими йўлга қўйилишининг режалаштирилаётгани. Бу  халқаро меҳнат бозорида тан олиниш, диплом эгаларининг ўз салоҳиятини ҳар икки мамлакатда рўёбга чиқаришига хизмат қилувчи муҳим механизмдир. Бу тизим ўзбек талабасини дунё миқёсида рақобатбардош кадр сифатида шаклланишида катта рол ўйнайди.

Шунингдек, Венгрия олий таълим муассасаларининг Ўзбекистонда филиалларини очиш масаласининг кун тартибига қўйилгани мамлакатимизда таълим сифатини ошириш, илғор тажрибаларни тўғридан-тўғри амалиётга жорий этиш имконини беради. Бундай филиаллар замонавий технологиялар, фан-техника ютуқлари асосида кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Венгрия ректорлари учинчи форумининг ўтказилиши режалаштирилаётгани биз учун ўзаро тажриба алмашиш, қўшма илмий лойиҳаларни йўлга қўйиш, академик алмашинувни фаоллаштириш каби йўналишларда кенг уфқларни очади.

Наманган давлат университети жамоаси бу жараёнларни чуқур эътироф этган ҳолда, Венгриянинг етакчи университетлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга, қўшма таълим дастурларини яратиш ва академик алмашинувни йўлга қўйишга тайёр. Бу борада биз «Stipendium Hungaricum» доирасида тажриба алмашиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда илғор профессор-ўқитувчиларни жалб этиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирамиз.

Президентимизнинг мазкур ташрифи, айниқса, таълим соҳаси бўйича илгари сурилган ташаббуслари — ёшларимиз келажагига йўналтирилган, узоқни кўзлаган стратегик қарорлар бўлиб, улар Ўзбекистоннинг тараққиётини янада тезлаштиради. Биз бу йўналишда фаол ва масъулият билан ишлашга қатъий бел боғлаганмиз.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари туфайли Ўзбекистон тобора очиқ, тараққиётга юз тутган, халқаро ҳамкорликда фаол иштирок этаётган замонавий давлатга айланмоқда. Шу боис, Венгрия Бош вазири жаноб Виктор Орбаннинг мамлакатимизга жавоб ташрифи ҳам муҳим стратегик натижаларга замин яратишига ишонамиз.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ,
Наманган давлат университет ректори,
тарих фанлари доктори, профессор.