Наманганда янги уйғониш даври бошланди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ҳар бир ташрифлари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим воқелик ҳисобланади. Давлат раҳбарининг вилоятимизга бу галги ташрифлари эса том маънода вилоятимиз тарихида янги саҳифа очди. Вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда иштирок этган ҳар бир киши чинакам равишда Наманган диёрида яшаётганлигидан ғурурланиб ўтирди.

Президент томонидан Наманган вилоятида иккинчи Уйғониш даври бошлангани, ўзгариш даври келганини алоҳида таъкидлангани эса барча соҳаларда туб бурилиш даврини бошлаб берди дейиш мумкин. Бизнинг назаримизда 84 йил олдин ташкил топган вилоятимиз ўз тарихида қайтадан иккинчи бор янги туғилди десак адолатдан бўлади.

Айниқса, ушбу учрашувда таълим соҳасига алоҳида эътибор берилгани барча зиёлиларга бўлган ҳурмат ваэътибор намунаси бўлди. Жумладан, вилоятимизда туризм соҳасидаги катта лойиҳалар учун кадрлар тайёрлаш мақсадида кейинги ўқув йилидан Австриянинг Кремс университети билан Наманган давлат университетида қўшма факультет ташкил қилинишининг белгиланганлиги нафақат олийгоҳ жамоасини қувонтирди, балки келгусида вилоятда туризмни ривожланишида катта аҳамиятга эга бўлиши шубҳасиз.

Бундан ташқари Наманган вилоятидаги 49 та техникумга хорижий стандартларни олиб келиб, уларнинг барчасида дуал таълимни йўлга қўйиш вазифаси ҳам устувор масала сифатида кўрсатилди. Бу эса ёшларни бир вақтни ўзида касбга йўналтириш ҳамда даромад олишга имкониятларини оширади.

Учрашувда аҳоли турмуш тарзи ва фаровонлиги ошириш бўйича катта мақсадлар режа қилингани маълум қилинди. Хусусан, вилоятимизнинг Косонсой ва Норин туманларига 100 миллиард сўмдан, қолган туманларнинг иккитадан “оғир” маҳалласига эса 5 миллиард сўмдан, жами 320 миллиард сўм берилиб, улар намунали ҳудудга айлантирилиши белгиланди. Бу эса айни пайтда мамлакатимизда инсон қадрининг нақадар улуғлигини кўрсатиб бермоқда.

Йиғилишда вилоятда фавқулодда иш ташкил этиб, барча соҳаларда юқори натижаларга эришиш белгиланди. Давлат раҳбарининг ушбу топшириқларини вилоят аҳли юксак ишонч сифатида қабул қилиб, белгиланган вазифаларни сидқидилдан бажаришларига ишонамиз. Бунинг учун вилоятда шижоат, ғайрат, энг муҳими Президент ишончи бош омил бўлади.

Наримон Деҳқонов, Наманган давлат университети профессори,
сиёсий фанлар доктори, Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши депутати