Наманган шаҳри: янги раҳбар – янги босқич

Янги раҳбар исм-шарифи эълон қилинганида, одатда, жамиятда икки хил фикр пайдо бўлади: «Бу ким?» ва «Энди нима ўзгаради?» деган саволлар. Наманган шаҳри аҳолиси учун бу галги тайинлов бошқача хурсандчилик туҳфа этди. Чунки шаҳарнинг янги раҳбари бегона эмас, балки шу замин фарзанди. Унинг янги лавозимга тайинланиши шаҳар учун янги босқичдаги масъулият сифатида қабул қилинди. Аюбхон Камалов — бу шаҳарни, шаҳарликларни, бу ҳудуддаги тизимни ич-ичидан биладиган, ҳар бир лавозимда натижа билан ўлчанган шахс.

Ҳаёт ва меҳнат мактаби

1971 йил Наманганда туғилган Аюбхон Камалов ўз ҳаёт йўлини айнан шу шаҳар билан боғлаб келмоқда. 1993 йилда Ленинград қишлоқ хўжалиги институтини, 2001 йилда эса Наманган муҳандислик-педагогика институтини тамомлаши — унинг иқтисодий ва бошқарув соҳаларини чуқур англашга қаратилган изчил таълим йўналишининг натижасидир.

Аюбхон Камаловнинг фаолияти рақамлар ортида қолмайдиган, балки уларни маънога айлантира оладиган бошқарув услуби билан ажралиб туради. Молия вазирлигида сектор мудири, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари сифатидаги тажрибаси унга тизимий ёндашувни, тартиб ва аниқликни ўргатган бўлса, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш давлат жамғармасида ижрочи директорлик фаолияти унга иқтисодий жараёнларни ҳаётий мисолларда синовдан ўтказиш имконини берди.

Ҳудуддан марказга, марказдан яна ҳудудга

Кўплаб раҳбарлар марказий тизимда тажриба орттириб, сўнгра жойларда ўз билимини синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлади. Аюбхон Камалов ана шундай йўлни босиб ўтган кам сонли мутахассислардан биридир.

2019-2020 йилларда у Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари сифатида вилоятдаги иқтисодий ислоҳотларнинг амалий бошқарувини ўз зиммасига олган эди. Кейинчалик Марказий банк раиси ўринбосари лавозимидаги фаолияти унга молия бозорининг энг нозик жиҳатларини, таҳлилий қарор қабул қилиш маданиятини ва халқ билан иқтисод ўртасидаги кўприкни мустаҳкамлаш масъулиятини янада чуқурроқ англатди.

Энди эса у яна ўз юрти — Наманганга қайтди. Бу сафар эса шаҳар ҳокими сифатида.

Раҳбарнинг шахсий услуби

Аюбхон Камаловнинг бошқарув услуби қатъийлик ва мулоқот уйғунлигига асосланади. У танқидни рад этмайди, балки уни жараённи тўғриловчи восита сифатида қабул қилади. Бошқалар «қоғоздаги натижа»ни излаётган пайтда, у реал кўрсаткич — одамлар кайфияти, тадбиркорнинг ишончи, ёшларнинг имкониятида ўлчов топади.

Унинг нутқларида «тизим», «самарадорлик», «ишонч» сўзлари тез-тез учраши бежиз эмас. Чунки у раҳбарликни мансаб эмас, жавобгарлик деб билади.

Янги босқич — янги масъулият

Бугун Наманган шаҳри ривожланишнинг янги бурилиш нуқтасида турибди. Саноат ва хизмат кўрсатиш тармоқларини кенгайтириш, шаҳар инфратузилмасини замонавийлаштириш, ёшлар бандлигини таъминлаш — булар Аюбхон Камалов бошқаруви олдидаги энг долзарб йўналишлардир.

Аюбхон Арибжонович бу масалаларни фақат ҳужжатлар билан эмас, балки ҳудудда, халқ ичида, ҳар бир корхона ва маҳаллада ҳал этиш тарафдори сифатида танилган. Шу боисдан ҳам унинг тайинланиши наманганликларда ижобий кутиш уйғотди.

Хулоса ўрнида

Ҳар бир раҳбар — ўз даврининг синови. Аюбхон Камалов учун бу синов — таниш юрт, таниш одамлар орасида, аммо янги масъулият аро кечади. Наманганликлар эса ундан нафақат иқтисодий кўрсаткичлар, балки халқ ишончини мустаҳкамловчи амалий натижаларни кутмоқда…
Биз эса омад тилаймиз!

Санжарбек ҲАМИДОВ.