Хотин-қизлар – жамиятдаги янгиланишлар фаоли

Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеи ошиб бормоқда. Гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ўз самарасини бермоқда.

Жумладан, хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, уларни касбга ўргатиш ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда уларга кўмаклашиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 45 фоизга, сиёсий партиялар таркибида 49 фоизга етган.

Хотин-қизларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижига, халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, уларни ўқитиш, касб-ҳунарга йўналтириш, муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш, айниқса жамиятда ўз ўрнини топа олмаган, адашиб жиноят кўчасига кириб қолган аёлларни реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш, хотин-қизлар ўртасида  кенг қамровли ишлар, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган кенг имконият ва имтиёзлар қамрови кенгайиб бормоқда. 2030 йилга қадар Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича белгиланган устувор мақсад ҳамда вазифалар ҳам бунга яққол мисол бўла олади.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича энг қуйи бўғингача кириб борадиган вертикал тизим яратилган. Асосий мақсад ҳар бир аёл, айниқса ижтимои й ҳимояга муҳтож, оиласида низоли вазиятлар бор бўлган хотин-қизларга ҳар томонлама кўмаклашишдир.

Сайёра ҲОЖИМИРЗАЕВА,
Наманган шаҳридаги «Диёр» ва «Маърифат»
маҳаллалари хотин-қизлар фаоли.