Конституция – инсон шаъни, ҳуқуқий эркинлик ва ижтимоий адолатни уйғунлаштирувчи олий ҳуқуқий мезон!

Конституция – инсон шаъни, ҳуқуқий эркинлик ва ижтимоий адолатни уйғунлаштирувчи олий ҳуқуқий мезон!

Бугун Янги Ўзбекистонда бош қомусимизнинг ўттиз уч йиллиги кенг нишонланмоқда. Мазкур шонли сана муносабати билан Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига байрам табриклари эълон қилинди.

Ҳар бир халқнинг тараққиёти, давлатининг қудрати ва жамият ҳаётининг барқарорлиги энг аввало унинг бош Қомуси – Конституциясида ўз ифодасини топади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг азалий орзу-интилишлари, демократия ва адолат тамойилларига таяниб яратилган тарихий ҳужжатдир.

Янги Ўзбекистон давлатчилиги тараққиёти босқичида унинг аҳамияти янада ортиб, мазмун-моҳияти янги давр талаблари билан бойиб бормоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг марказида “инсон – жамият – давлат” тамойили туради. Бу ёндашув ҳар бир фуқаронинг шаъни, қадр-қиммати ва ор-номусини олий қадрият сифатида эътироф этади.

Қонун устуворлиги энди фақат давлат тизими учун эмас, балки инсоннинг дахлсиз ҳуқуқлари учун ҳам мустаҳкам кафолатдир.

Конституция фуқароларнинг асосий эркинликларини мустаҳкамлайди: сўз, виждон, фикр, ижод, яшаш ва ҳаракатланиш эркинлиги, шахсий ҳаёт дахлсизлиги каби ҳуқуқлар демократик жамият барпо этишда асосий мезондир.

Шундай экан, байрам табригида ҳуқуқ ва эркинликларимиз, юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик, бирлик ва ҳамжиҳатлик, ортга қайтмас демократик ислоҳотларимиз кафолати бўлган Асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини амалий ифодаси баён қилинган.

Янги тахрирдаги  Конституциямизда муҳрлаб қўйилган қоида ва тамойиллар Янги Ўзбекистонни барпо этишда барчамиз учун беқиёс куч-ғайрат, ишонч ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилаётганлигига барчамиз гувохмиз.

Бугунги кунда  парламентимиз томонидан судлар фаолияти ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтиришга оид қонун ва қонун ости хужжатларини қабул қилинганлиги янги Ўзбекистонда инсон манфаатларини янада улуғланганлигини кўрсатиб беради.

Айниқса инсонпарварлик ва халқпарварлик тамойиллари ёрқин намунасини  аҳоли жон бошига даромад 3 минг 500 долларни ташкил этгани, мактабгача таълимда қамров 78 фоиз, олий таълимда эса 42 фоизга етгани, одамларимизнинг ўртача умр кўриш даражаси 73,8 ёшдан 75,1 ёшга узайганини алохида эътироф этишимиз мумкин.

Бугунги кунда ислоҳотларимиз ҳал қилувчи босқичга кираётган кунда барчамиз Конституциямизнинг ҳар бир нормасини давлат ва жамият ҳаётида амалий фаолият мезонига айлантиришда фаол бўлишимиз лозим.

Айниқса, келажак ворислари ёшларимизга Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳиятини чуқур ўргатиш, уларни конституциявий қадриятлар асосида юксак онгли ва ватанпарвар фуқаролар, сиёсий тафаккур ва ҳуқуқий маданият эгалари этиб тарбиялашдек олийжаноб вазифалар турганлигини хис қилмоғимиз даркор. 

Ёшларимиз Конституция ва қонунларимизга чуқур ҳурмат, пухта ҳуқуқий билим билан тарбиялансагина бош қомусимизнинг ҳаётбахш кучи янада ортади.

Бу мақсадлар муштараклиги,  эртанги ёруғ  ва фаровон хаётимизнинг кафолати саналади.

Конституциямизнинг таваллуд куни  барчамиз учун муборак бўлсин!

Иброҳим АТАМИРЗАЕВ,
Наманган давлат университети жиноят ҳуқуқи ва просесси кафедраси мудири,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори.