“Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга кўра, эндиликда бўш бўлган давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллашда янгича тизим жорий этилади.
Фармонда белгиланишича, 2026 йил 1 мартдан давлат фуқаролик хизматида мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар “vacancy.gov.uz” электрон платформасида эълон қилинади.
Шу жумладан,
фуқароларга ўзларига маъқул келадиган мутахассислик, лавозим ва иш ҳақига оид талабларни белгилаган ҳолда “vacancy.gov.uz” электрон платформасида “иш қидирувчи” мақомида рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади;
“vacancy.gov.uz” электрон платформасида рўйхатдан ўтган ва давлат фуқаролик хизматига кириш бўйича тест синовидан муваффақиятли ўтган фуқаролар ушбу платформада мавжуд бўш иш ўринларига даъвогарлик қилиши мумкин бўлади. Бунда, фуқароларга тест синовларини шахсни тасдиқлаш ва синовларни назорат қилишнинг махсус онлайн тизими орқали ёки Агентликнинг махсус жиҳозланган хоналарида топшириш имконияти яратилади. Мазкур тест натижалари 1 йилгача амал қилади;
танловнинг қўшимча босқичи сифатида ўтказиладиган соҳавий билимларни баҳолаш бўйича тест синовлари давлат органларининг буюртмаларига мувофиқ Агентлик ҳузуридаги Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан шартнома асосида ўтказилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 январдан
республика ижро этувчи ҳокимият органларининг туман (шаҳар) бўлинма раҳбари ҳамда туман (шаҳар) ҳокими ва унинг ўринбосарлари ҳар 5 йилда, қоида тариқасида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри доирасида бошқа туман (шаҳар)га ротация қилинади;
ротация қилинадиган раҳбарлар Агентликнинг “hrm.gov.uz” электрон платформаси орқали аниқланади;
раҳбар янги ҳудудга ўтишдан олдин ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий ҳолати бўйича интенсив курсда ўқитилади;
ротация қилинган раҳбар фаолияти Агентлик томонидан электрон платформа орқали онлайн тарзда мониторинг қилинади.
