Кечаси шаҳар сукунатга чўмганида, кўчаларда бир овоз уйғонади бу чиқинди машинасининг сокин ғувуллаши. Бу овоз кўпчилик учун арзимаган товушдек туюлади. Аммо аслида шу товуш ортида жамиятга кўринмайдиган, аммо энг зарур хизматни қилаётган инсонларнинг меҳнати яширинган.
Улар чарчоқни тан олмайдилар.
Улар совуқдан шикоят қилмайдилар.
Улар бепарволигимиз ортидан қолган изларни яширмоқчи эмас тозаламоқдалар.
Биз кун давомида кўча-кўйда ташлаб кетган қоғоз, пластмасса, бекорчи ахлат… Буларнинг бари тонг отгунча ўз-ўзидан йўқолмайди. Кимдир уларни йиғади. Кимдир шаҳримизни покиза сақлаш учун тун бўйи меҳнат қилади. Кимдир биз ухлаётган пайтда уйғоқ туриб: «Эрталаб одамлар тоза кўчада юрсин,» дейди.
Бу уларнинг касби эмас.
Бу фидойилиги.
Чиқинди тозаловчи инсон бу «оддий ишчи» деган тушунчадан анча юксак. Чунки у кўчани тозалаб, аслида бизнинг қалбимизга ҳам таъсир қилмоқда: масъулиятни эслатади, маданиятни уйғотади, бепарволикнинг ўрнини миннатдорлик билан алмаштиради.
Уларнинг қўллари чарчаши мумкин, лекин ниятлари чарчамайди.
Уларнинг кийимлари ифлос бўлиши мумкин, лекин қалблари энг тоза.
Улар нафақат ахлатни йиғашади балки ободликни тарқатадилар.
Улар нафақат кўчаларни поклашади балки жамиятни поклашади.
Улар нафақат иш қилишади балки савоб йиғишади.
Биз улар ҳақида кам гапирамиз, кам эътироф этамиз. Бироқ улар бизнинг ҳар тонгимизнинг бошланишида тозалик шаклида мўъжиза яратиб кетишади.
Шу боис улар
кўзга кўринмас, шов-шувсиз, лекин энг ҳақиқий қаҳрамонлар.
Бугун улар ҳақида ўйланг.
Тонгда пок кўчага чиқганингизда, бир лаҳзага шуни унутманг:
Бу тозалик сиз учун тунда уйғоқ қолган инсонларнинг дуосидир.
Улар ростдан ҳам кўчани эмас қалбларни ҳам тозалаётган одамлар.
Санжарбек ҲАМИДОВ.
