Наманганда жамоат транспорти бекатлари янгиланади

Наманган шаҳрида жамоат транспорти инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалий ишлар бошланди. Шаҳар ҳокими Аюбхон Камолов бошчилигидаги ишчи гуруҳ мавжуд бекатларнинг ҳолатини ўрганди ҳамда янги бекатлар қурилиши режалари билан танишди.

Ҳозирда шаҳарда 212 та бекат мавжуд. Аҳоли эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун яна 158 та янги бекат барпо этилиши зарур. Янги лойиҳаларда енгил конструкцияли, ногиронлиги бўлган фуқаролар учун қулай, чиқинди қутилари билан жиҳозланган ва савдо шохобчаларисиз тоза кўринишда бўлиш талаблари белгиланган.

Ўрганиш жараёнида эски бекатлардаги шароитлар ҳам танқидий баҳоланиб, камчиликларни тез фурсатда бартараф этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.