Конституция – миллий тараққиёт ва маънавий юксалиш пойдевори

Дунёдаги ҳар кандай мустақил давлат ўз рамзларига, шунингдек, мадҳиясига эга. Умуман, мадҳия сўзининг маъноси – юнон тилида  “гимн”, яъни дастурий характердаги шеърни тантанали қўшиқ сифатида ижро этишни англатади. У мадҳ этилганда, давлатнинг байроғи ҳилпираб, халқни тўлқинлантирган. Демак, давлат рамзи, тимсоли: герб, байроқ ва мадҳия халқнинг, давлатнинг бирдамлигини, ҳамжиҳатлигини намоён этадиган рамзлардир.

1992 йил 10 декабрь – “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган кун. Мустақил Ўзбекистон аҳли учун 10 декабрь куни Давлат мадҳияси қабул қилинган кун сифатида тарихга муҳрланган. Қонунда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчидир деб белгилаб қўйилган. Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизда яшаб турган бошқа шахслар ҳам мадҳиямизни ҳурмат қилиши шартлиги алоҳида таъкидланган.

Ўзбекистон давлат мадҳияси янграганда, “Серқуёш” сўзи жаранглаши билан бутун вужудимизда ажиб энтикиш, дилимизда чексиз ифтихор туйғусини ҳис этамиз. Чунки унда юртимиз таровати, буюк келажак барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган халқимизнинг орзу-интилишлари, Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тобора юксалиб бораётган обрў-эътибори, ҳеч кимдан кам бўлмай, келажакка қатъий ишонч билан интилаётган ёшларимизнинг азму шижоати акс этган.

Бу сана миллий тарихимизда фақат расмий байрам эмас, балки халқнинг бирлашуви, ғурури ва ўзлигини англашининг муҳим тимсолидир. Чунки мадҳиямиз – мустақилликнинг руҳий устуни, юракларда яшайдиган энг пок туйғунинг овозли ифодасидир.

Инсоннинг ўзи туғилиб ўсган заминга бўлган эътиқоди, муносабати, фаол позицияси айнан мадҳиямизга бўлган муносабат билан уйғундир. Мадҳия янграганида ҳар биримизни ҳаяжон қамраши, қалбимиз чексиз фахр, ғурурга тўлиши табиий. 

Давлат мадҳияси бизни бутун дунёга танитадиган, халқимизнинг матонати ва эзгу орзуларини тараннум этадиган улуғ қўшиқдир. У спорт майдонларида чемпионларимиз ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган лаҳзаларда жаранглайди. Ҳар бир мусобақада, ҳар бир халқаро майдонда мадҳиямиз янграганда, миллионлаб юракларда фахр туйғуси жўш уради. Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилаётган пайт – айнан мана шу куй билан янада муқаддаслашади.

Халқимиз орзуларини ўзида намоён этган мадҳиямиз ҳар тонг баралла янграйди. Мамлакатимиз тарихига муҳрланадиган воқеликларни, йирик тантаналарни бу қўшиқсиз тасаввур этиш мушкул. Унинг ҳар бир сатри – ватанпарварлик дарси, ҳар бир оҳанги – миллий қадриятларимизнинг ҳайқириғи. У бизга буюк аждодлар меросини эслатади, эртанги кун учун масъулият юклайди, юртга садоқат туйғусини мустаҳкамлайди.

Бугун мадҳияни тинглаш — шунчаки маросим эмас, бу келажак авлод олдида масъулиятни ҳис этиш, Ватан шаънини ҳимоя қилишга тайёр туриш, қадриятларимизни асраб-авайлашга ваъдадир. Чунки мадҳияни куйлаб турган ҳар бир ёш, ҳар бир фуқаро — Ўзбекистон деган муқаддас номни юрагида кўтариб юрувчи элчидир.

Мадҳиямиз қабул қилинган кунни нишонлар эканмиз, биз аслида юрт равнақи йўлидаги интилишларимизни, бирлик ва ҳамжиҳатлигимизни, мустақилликка бўлган садоқатимизни яна бир бор тасдиқлаймиз. Бу қўшиқ миллий қадр-қимматимизнинг абадий рамзи, ўзлигимизнинг овози сифатида авлодлар қалбида барҳаёт яшайверади.

Давлат мадҳияси — бу бизнинг овозимиз. У овоз дунёга: “Ўзбекистон халқининг руҳи кучли, орзуси юксак!” дея асрлар оша жаранглайверсин!

Обидхон Ҳусанхўжаев,
Наманган давлат университети филология факултети декани,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.