7-14 декабрь кунлари Дубай шаҳрида бўлиб ўтган V ёшлар пара Осиё ўйинларида Наманган вилояти спортчилари юксак натижа қайд этди. Ўзбекистон делегацияси таркибидаги 13 нафар наманганлик пара спортчи 6 олтин, 9 кумуш ва 5 бронза – жами 20 та медални қўлга киритди.
Энг кўп совринлар пауэрлифтинг йўналишида жамланди. Умиджон Арзиматов (88 кг), Омадбек Муҳаммаджонов (+107 кг), Рухшона Октамова (67 кг ва аралаш жамоа), Гулюз Нематуллаева (73 кг) олтин медаллар билан шоҳсупага кўтарилди. Енгил атлетикада Абдужалил Болтабоев 400 метрга югуришда чемпион бўлди.
Сузиш баҳсларида Муҳаммадфозил Расулов бир нечта масофаларда кумуш ва бронза, Аброржон Солиев эса бронза медалларни қўлга киритди. Кумуш ва бронза медаллар сафини Жасурбек Ибрагимов, Хусниддин Усмонжонов, Зиёбек Аҳмаджанов, Гулсанам Абдумаликова ва Дилнаво Абдуманнобова тўлдирди.
Наманган спортчиларининг бу муваффақияти пара спортга берилаётган эътибор ва тизимли тайёргарликнинг яққол натижасидир.
