Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномалари мамлакат иқтисодиётини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган комплекс ислоҳотлар дастурини ифода этмоқда. Ушбу Мурожаатномаларда тадбиркорликни ривожлантириш масаласи макроиқтисодий барқарорлик, инвестиция муҳитини яхшилаш ва капитал бозорини чуқурлаштириш билан узвий боғлиқ ҳолда кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари тадбиркорликни иқтисодиётнинг асосий ўсиш манбаи сифатида белгилаб, хусусий секторни қўллаб-қувватлашни давлат иқтисодий сиёсатининг марказига қўйди. Амалда бу ёндашув меҳнат бозорида ҳам ўз аксини топиб, мамлакатда яратилаётган янги иш ўринларининг салмоқли қисми айнан тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу ҳолат хусусий секторнинг иқтисодий барқарорликдаги ролини янада оширмоқда.
Мурожаатномаларда тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб келаётган маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, солиқ ва молия тизимини соддалаштириш ҳамда регулятор муҳитни либераллаштириш устувор вазифа сифатида белгилаб берилди. Бу эса иқтисодиётда соя секторини қисқартириш, бизнес юритиш харажатларини камайтириш ва инвестициявий фаолликни оширишга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, Президент Мурожаатномаларида тадбиркорликни молиялаштиришнинг анъанавий банк кредитларига боғлиқлигини камайтириш, капитал бозорини ривожлантириш орқали узоқ муддатли инвестиция манбаларини шакллантириш масаласига алоҳида урғу берилди. Капитал бозори иқтисодий ўсишни рағбатлантирадиган муҳим институционал устун сифатида белгиланиб, глобал депозитарийларни миллий фонд бозорига олиб кириш чоралари назарда тутилмоқда.
Бу борада халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Капитал бозори тўғрисида”ги янги қонуннинг қабул қилиниши миллий фонд бозорини халқаро стандартларга мослаштиришга хизмат қилади. Қонун орқали бозор инфратузилмасини такомиллаштириш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва молиявий инструментлар турини кенгайтириш мақсад қилинган.
Курс тебраниши билан боғлиқ рискларни пасайтириш мақсадида маҳаллий компанияларга ички бозорда хорижий валютада облигация чиқаришга рухсат берилиши ҳам муҳим иқтисодий қадам сифатида баҳоланмоқда. Мутахассислар фикрича, ушбу чора натижасида маҳаллий облигация бозори яқин 1–2 йил ичида камида 1 миллиард долларга етиши мумкин. Бу эса ҳозирги 3,5 триллон сўмлик бозор ҳажми билан таққослаганда сезиларли ўсишни англатади.
Келаси йилдан корхоналарга халқаро бозорларда акцияларини жойлаштириш, яъни дуал листинг имконияти берилиши миллий компанияларнинг корпоратив бошқаруви ва молиявий очиқлигини оширишга туртки бўлади. Шу орқали Ўзбекистон компанияларининг халқаро инвестиция бозорларига интеграцияси жадаллашади.
Умуман олганда, капитал бозорини ривожлантириш орқали тадбиркорлар учун қўшимча 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш имконияти яратилиши белгиланган. Бу маблағлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги технологияларни жорий этиш ва иқтисодиётни диверсификация қилишда муҳим молиявий манбага айланади.
Бахтиёр УМАРОВ,
Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутати.
