Мурожаатнома - масъулият билан яшаш чақириғи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис ва бутун халқимизга йўлланган Мурожаатнома — бу шунчаки навбатдаги сиёсий нутқ эмас. Бу ҳужжат жамиятимизнинг бугуни ва эртаси ўртасидаги масъулиятли кўприк, ҳар бир раҳбар, ҳар бир депутат ва ҳар бир фуқаро учун аниқ вазифалар юкланган ҳаётий дастурдир.

Мурожаатда илгари сурилган ғоялар бир нарсани очиқ-ойдин кўрсатди: энди ислоҳотлар қоғозда эмас, натижада ўлчанади. Сўз билан иш орасидаги масофа қисқариши, давлат идоралари халқ дардига қулоқ тутиши шарт. Айниқса, ҳудудларни ривожлантириш, маҳаллий бюджетлар мустақиллигини кучайтириш, ижтимоий ҳимоя ва таълим сифатини ошириш масалалари Мурожаатнинг энг долзарб йўналишлари сифатида янгради.

Депутат сифатида шуни қатъий айта оламанки, Мурожаат биздан томошабин бўлиб қолишни эмас, фаол позицияни талаб қилмоқда. Энди қонунлар ҳаётдан ортда қолмаслиги, балки ҳаётни олдинга бошлаши керак. Ҳар бир қарор оддий инсон тақдирига қандай таъсир қилишини ҳис қилган ҳолда қабул қилиниши лозим.

2025 йил Мурожаати яна бир ҳақиқатни эслатди: давлат кучи  унинг бюджетида эмас, балки адолатида, масъулиятида ва инсон қадриятига бўлган муносабатида. Президент томонидан белгиланган устувор йўналишлар ижроси депутатлик назорати остида бўлиши, ҳар бир сўз амалий натижага айланиши шарт.

Бугун биз тарихий босқичда турибмиз. Олдимизда имкониятлар ҳам, синовлар ҳам етарли. Аммо аниқ мақсад ва қатъий сиёсий ирода бор экан, энг муҳими  халқ ишончи бор экан, белгиланган марраларга албатта етамиз.

Президент Мурожаати – бу келажак ҳақида гапириш эмас, балки келажак учун бугун ишлашга даъватдир.

Наримон Деҳқонов,
халқ депутатлари вилоят ва шаҳар Кенгашлари депутати.