«Океан» — 2025 йил ғалабалари: Осиё майдонидан Олимпия сари

Якунига етаётган 2025 йил Наманган шаҳридаги «Океан» сув спорти саройи жамоаси учун баракали ва сермаҳсул бўлди. Жорий йил давомида спорт саройи тарбияланувчилари кўплаб республика ҳамда халқаро мусобақаларда фаол иштирок этиб, залворли натижаларга эришди. Бу ютуқлар жамоанинг тобора ортиб бораётган пухта тайёргарлиги ва мураббийларнинг сидқидил меҳнатининг самарасидир.
Йил якуни муносабати билан спортчиларни рағбатлантириш мақсадида тантанали тақдирлаш маросими ташкил этилди. Унда сўзга чиққан мутасаддилар ва мураббийлар ёш сузувчиларни қўлга киритилган ютуқлар билан табриклаб, келгуси мусобақаларда уларга омад тиладилар. Фаол спортчиларга фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.

«Океан» сув спорти саройи раҳбари Расулжон Низамбаев келгуси режаларга тўхталар экан, жамоани янада масъулиятли беллашувлар кутаётганини таъкидлади.
«2026 йилда олдимизда йирик мусобақалар, жумладан, Олимпия йўлланмалари билан боғлиқ баҳслар турибди. Ҳозирданоқ пухта тайёргарлик кўряпмиз ва барқарор натижаларга эришишни мақсад қилганмиз», — деди у.

Дарвоқе, жорий йил «Океан» тарбияланувчилари учун халқаро майдондаги синовлар билан ҳам ёдда қолди. Хусусан, Наманган жамоаси вакили Иля Сиберсев VI Ислом бирдамлиги ўйинлари доирасида Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтказилган мусобақада қатнашиб, 1 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритди. Иля Ўзбекистон сув спорти тарихида муҳим саҳифани очди. Шунингдек, у АҚШнинг Техас штатида бўлиб ўтган халқаро турнирда кумуш медалга сазовор бўлиб, ўз салоҳиятини яна бир бор амалда намойиш этди.

Бундан ташқари, Наманган вилояти шарафини ҳимоя қилаётган «Океан» сув спорти саройи тарбияланувчилари илк бор ўтказилган «Президент олимпиадаси» спорт мусобақалари, Тошкент вилоятидаги Олимпия шаҳарчасида ўтказилган U-15 ва U-17 ёш тоифаларидаги сузувчилар ўртасидаги Ўзбекистон Кубоги мусобақаларида ҳам юқори натижаларни қайд этиб, олтин, кумуш ва бронза медалларни қўлга киритишди.

Мазкур ютуқлар «Океан» сув спорти саройининг мустаҳкам ва такомиллашган спорт мактабига айланганини яна бир бор тасдиқлайди. Олдинда янги марралар, йирик ғалабалар ва Наманган ҳамда Ўзбекистон спорти нуфузини юксалтирадиган муҳим мусобақалар турибди.

Шубҳасиз, 2026 йил бу жамоа учун янада катта ғалабалар сари дадил қадамлар йили бўлиши кутилмоқда.

Санжарбек Ҳамидов.