ёхуд Раънохон опанинг тарихдан ҳикоя қилаётган ажойиб экспонатлари
Наманган шаҳрининг қадимий ва навқирон “Равнақ” маҳалласидаги 748 та хонадонда 4800 га яқин аҳоли истиқомат қилади. Равнақликлар орасида зиёлилар, турли касбларда ҳалол меҳнат қилиб келаётган фидойилар жуда кўп.
Шунингдек, бир ҳовли борки, унда йиллар давомида асраб-авайлаб келинаётган бебаҳо хазина бор. Бу хазина – қаҳрамонимиз Раънохон Мамадалиева тўплаган, икки асрга тегишли ноёб коллекция. Раънохон опа 15-20 йилдан буён мана шундай эзгу фаолият билан шуғулланади. Шу кунгача XVIII-XIX асрларга оид қарийб 200 дона экспонат йиққан ва ўз хонадонини асл тарихий маконга айлантирган.
Раънохон опа асраб-авайлаб келаётган турли металлардан ясалган ҳар бир буюм гўёки ўз даврининг нафаси, ўша пайтдаги маиший ҳаёт, ҳунармандчилик ва урф-одатлардан сўзлайди. Айнан мана шу жиҳати билан коллекция нафақат қимматли тарихий ёдгорликлар йиғиндиси, балки маҳаллада сақланиб келаётган маданий хотиранинг асл кўринишидир.

-
Бу буюмларни йиғиш мен учун фақат хобби, яъни қизиқиш эмас, балки тарихни авлодларга етказиш йўлида қилинаётган кичик хизмат. Ҳар бир экспонат ўз ҳикоясини сўзсиз айтади. Кичик музей очиб, буни ҳамма билан бўлишишни, ёшларга тарихимиздан сўзлаб беришни орзу қиламан, – дейди Раънохон Мамадалиева.
Дарҳақиқат, бу фидойи аёл ўз коллекциясини янада бойитиб, келажакда кичик маҳалла музейи ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу ташаббус нафақат тарихни авлодларга етказиш, балки маҳаллада маънавий муҳитни мустаҳкамлашга қўшилган улкан ҳисса саналади.
Яқинда Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камоловнинг мазкур ташаббус билан бевосита танишиб, Раънохон опанинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолагани эса нур устига аъло нур бўлди. Ҳоким опага музей очиш йўлида зарур ёрдам кўрсатиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди. Бу қўллаб-қувватлаш нафақат бир аёлнинг орзусини рўёбга чиқаради, балки маҳаллада маданий ҳаётнинг жонланишига ҳам хизмат қилади.
Фуқароларнинг ижодий ва маънавий ғояларини рағбатлантириш ўзининг кутилган натижасини кўрсатади. Зотан, қадриятларни асраб келаётган Раънохон Мамадалиева каби инсонларнинг жамият ривожидаги ҳиссаси беқиёсдир.
Санжарбек ҲАМИДОВ.
