Коррупцияга қарши кураш - жамият ва давлатнинг энг муҳим вазифаси

Гувоҳи бўлмоқдамизки, мамлакатимизнинг янгиланган сиёсати жамиятда адолат ва қонун устуворлигини олий даражага кўтариш, замонавий самарали давлат бошқарувини жорий этиш, соҳаларда коррупциявий ҳолатларнинг барча кўринишларига барҳам бериш каби тамойилларга таянмоқда. Ислоҳотларнинг натижадорлигига эришиш мақсадида давлат ва жамиятнинг ҳар бир соҳасида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини изчил таъминлаб бориш муҳим аҳамият касб этади.

Сир эмаски, коррупцияга қарши курашиш учун унинг оқибати билан шуғуллангандан кўра сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш аҳамиятли саналади. Бу бўйича юртимизда халқаро тажрибада кенг қўлланилиб келаётган чоралар амалиётга татбиқ этиб келинмоқда.

Наманган давлат университетида ҳам Олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳамда университет ректорининг тегишли буйруқларига асосан, университетда 2021 йил 3 июлда Коррупцияга қарши курашиш «Комплаенс назорат» тизимини бошқариш бўлими ташкил этилди. Шу кунгача мазкур бўлим томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Коррупцияга қарши кураш - жамият ва давлатнинг энг муҳим вазифаси
ФОТО:«Пресс клуб»

Жумладан, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида талабалар ва ёш мутахассислар ўртасида мунтазам равишда тушунтириш-тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинмоқда. Барча факультетларда профессор-ўқитувчилар, талабалар ва ишчи-ходимлар билан учрашувлар ўтказилиб, давра суҳбатларида университетда коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, барча соҳа ва йўналишларда коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида сўз юритилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тузилган “Йўл хариталари” ҳамда белгилаб олган иш режамизга асосан, профилактик тадбирлар ҳам амалга ошириляпти. Семестрлар якуни бўйича талабалар ўртасида аноним сўровномалар ўтказилиб, натижалари бўйича тегишли ташкилот ва олий таълим муассасаси раҳбариятига маълумот бериб борилмоқда.

Шунингдек, барча факультетларда «Коррупцияга қаршимиз!» ва «Биз таҳсил олаётган таълим муассасасида коррупцияга ўрин йўқ!» мавзуларида энг яхши видеоролик, иншо, расм ва мақолалар танловлари ўтказиб келиняпти. Танловда юқори ўринларни эгаллаган талабаларга пул мукофотлари топшириляпти.

Ўтган 2023-2024 ўқув йили давомида юқори ташкилотлардан келган буйруқ ва кўрсатмалар бўйича йигирмадан зиёд ички идоравий буйруқлар тайёрланди. 2024-2025 ўқув йили учун қабул жараёнларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида эса талаба-ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан юзма-юз учрашувлар ўтказилиб, уларга кенг тушунтиришлар берилди. Барча жараёнлар университетнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ёритилди.

Коррупцияга қарши кураш - жамият ва давлатнинг энг муҳим вазифаси
ФОТО:«Пресс клуб»

Бундан ташқари, касбий (ижодий) имтиҳонларни адолатли ва шаффоф тарзда ўтказилишини таъминлаш мақсадида имтиҳон жараёнлари Рақамли конпетенциялар маркази ходимлари билан ҳамкорликда ливе.намду.уз сайти орқали тўғридан-тўғри онлайн трансляция қилиб борилди. Янги ўқув йили учун университет ректорининг буйруғи асосида қабул комиссиясига бириктирилган раҳбар-ходим ва профессор-ўқитувчилардан қабул жараёнида ваколат доирасига кирмайдиган ишлар билан шуғулланмасликлари бўйича кафолат хатлари олинди.

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисининг 2024 йил                 26 июндаги 15-сон баённомасида белгиланган чора-тадбирлар режаси ижросини таъминлаш мақсадида ота-оналар ўртасида «Истеъмолчиларнинг таълим хизматлари сифатидан қаноатланганлиги» мавзусида талабаларнинг ота-оналари, васийлар ва ҳомийлар ўртасида https://forms.gle/ сайти орқали  социологик сўровнома лойиҳаси тайёрланди ва  жорий йил 16-19 сентябр кунлари социологик  сўровнома ўтказилди.

Раҳбар-ходим ва профессор-ўқитувчилар ўртасида Ўзбекистон Республикаси «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонунининг мазмун-моҳияти бўйича тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Шу кунгача 4 маротаба профессор-ўқитувчилар ва 10 маротаба талаба-ёшлар билан профилактик тадбирлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар иштирокида 2 марта давра суҳбати ўтказилди. Мазкур тадбирларда 400 нафар профессор-ўқитувчилар ва 2300 нафардан зиёд талаба-ёшлар иштироки таъминланди.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, фаолиятимиз университетнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида, яъни https://namdu.uz/page/faoliyat/korrupsiyaga-qarshi-kurash сайтида «Коррупцияга қарши кураш» рубрикаси остида «Комплаэнс-назорат» тизимини бошқариш бўлими ва Рақамли конпетенциялар маркази ходимлари билан ҳамкорликда ёритиб келинмоқда.

Шуни ҳам айтиб ўтишимиз ўринлики, университетда доимий равишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда мамлакатимиз қонун ҳужжатларида фирибгарлик, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ёки унинг доирасидан четга чиқиш, мансабга совуққонлик билан қараш, мансаб сохтакорлиги, пора олиш, пора бериш, бу борада воситачилик  қилиш каби жиноий ҳолатларга нисбатан жазо муқаррарлиги юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Университетда коррупцияга  қарши курашиш «Аксилкоррупция коворкинг» маркази фаолият юритяпти. Коррупциявий ва бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, ижтимоий тармоқларда талабалар, профессор-ўқитувчилар ва ишчи ходимларнинг мурожаатлари учун университетнинг барча факультетларида “Адолат қутилари” ва мурожаат учун https://t.me/namdu_corruption_bot телеграм бот каналлари  мавжуд. “Ишонч телефони” рақамлари доимий равишда ишлаб турибди.

Ўз навбатида, профессор-ўқитувчилар томонидан содир этилиши мумкин бўлган коррупцион хуқуқбузарликлар ҳолати университет кенгашида муҳокама қилиб борилади ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўриш учун ҳужжатлар тақдим этилади.    

Коррупцияга қарши кураш - жамият ва давлатнинг энг муҳим вазифаси
ФОТО:«Пресс клуб»

Университетда ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича профессор-ўқитувчилар томонидан илмий тадқиқот ишлари амалга оширилаётгани ниҳоятда қувонарли. Иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш бўлими бошлиғи Маъруфжон Ҳабибуллаевнинг «Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари» мавзусига оид илмий иши фикримиз далили бўла олади.

Хулоса сифатида айтишимиз мумкинки, коррупция – ҳар қандай давлат ва жамият ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омил. Шунинг учун ҳам коррупцияга қарши курашиш мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бирига айланди. Бу жараёнда фаолиятни талаб даражасида ташкил этиш бўйича ҳар биримизнинг зиммамизда катта масъулият бор. Уни чуқур ҳис этиш билан жамиятимизда коррупциядек иллатнинг илдизини қуритишимиз мумкин.

Комолхон МАМАТОВ,
Наманган давлат университети
Коррупцияга қарши курашиш
«Комплаенс-назорат» тизимини бошқариш бўлими бошлиғи,
Санжарбек ҲАМИДОВ «Пресс клуб» раҳбари.