Мангу омон бўл, она тилим!

21 Октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун

Она тилимиз ҳақида ўйласам,  қулоғимга қадим Ўрхун-Энасой дарёлари қирғоқларида от солган, эрк ва адолат  йўлида курашган аждодларимизнинг ҳайқириқлари эшитилгандай бўлади. Тошларга муҳрланган сўзлар жаранги олис ўтмишга етаклайди. Қадимги ёзма манбаларни ўқиб, халқимизнинг бундан бир ярим минг йил муқаддам тараққий этган ёзув маданиятига эга бўлганидан фахр туяман.

Она тилимиз ҳақида ўйласам, Юсуф  Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асари ва ундаги қуйидаги байтлар хаёлимга келади:

Билиб сўзлаган сўз биликка санур,

Биликсиз сўзи ўз башини еюр…

Бизда сўзни ўринли айтиш, фикрни ўйлаб гапириш, тил масаласи ана шундай адаб масаласи билан эгиз ҳолда қаралган азалдан. Юқоридаги сатрларга Абдулла Қодирийнинг «Сўз сўзлашда ва улардан жумла тузишда узоқ андиша керак» жумлалари ҳам оҳангдош.

Она тилимиз ҳақида ўйласам,  Атойининг «Ул санамким сув яқосинда паритек ўлтурур, ғояти нозуклигидин сув била юца бўлур» сатрлари ёдимга тушади. Она тилимизда ҳам байтда тасвирланган гўзалнинг нозиклиги, латифлиги бор. Унда ҳар қандай фикрни гўзал, ёқимли, таъсирли либосда ифодалаш имконияти бисёр.

Профессор Миразиз Миртожиевнинг «Ўзбек тилида полисемия» асарида кўп маъноли сўзлар тил луғат таркибидаги муҳим бирликлари эканлиги айтилиб, бундай сўзларнинг тилда кўп бўлиши халқ тафаккурининг нақадар кучли ривожланганини кўрсатувчи омиллардан бири сифатида баҳоланади.

Дарҳақиқат, кўп маъноли сўзлар образли тафаккур, боғланишли (ассоциацияли) фикрлаш маҳсули саналади. Бизнинг она тилимиз ўзбек тилида эса кўп маъноли сўзлар минглаб топилади.

Жумладан, «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» да оддийгина бош сўзининг  20 та маъноси 8 саҳифа ҳажмида изоҳланган. Бу йигирма маънонинг ҳар бири яна бир қатор маъно қирраларини акс эттиради. Бош сўзи иштирок этган 40 дан ортиқ  иборалар ҳам тилимизда бир тизимни ташкил этади, дейишимиз мумкин: бош кўтармоқ, бошига кўтармоқ, бош қўшмоқ, бош қотирмоқ, бошини икки қилмоқ, бошини боғламоқ, бошини қовуштирмоқ, бир ёстиққа бош қўймоқ,  бошини эгмоқ, бошини емоқ ,бошига етмоқ, катта бошини кичик қилиб, боши қоронғи, бош қашимоқ, оёғига бош урмоқ, бош суқмоқ, бош оғриғи, бош бўлмоқ, бош олиб кетмоқ, бош тортмоқ, бош чайқамоқ, боши очиқ, бошини тикмоқ, бошини хам қилмоқ, бошини силамоқ, бош кўтариб юрмоқ, бошини айлантирмоқ, боши кўкка етмоқ, бошида калтак синмоқ, бошида ёнғоқ чақмоқ, бошга битган бало, бир ёқадан бош чиқармоқ, боши берк кўчага кириб қолмоқ, боши-кети йўқ, бошига келмоқ, бошига тушмоқ, боши деворга урилмоқ, бошига чиқмоқ…

Бу рўйхатни яна давом эттиришимиз мумкин. “Cамбридге” изоҳли луғатида инглиз тилида бош сўзи билан боғлиқ 21 та ибора мавжудлиги кўрсатиб ўтилган.

 Она тилимиз ҳақида ўйлаган ҳар бир ўзбекнинг хаёлига, албатта, Низомиддин Мир  Алишер Навоий ижоди келади. Алишер Навоий ижодининг улуғворлигини,  уммондай сарҳадсиз ва чуқурлигини бутун дунё эътироф этади. Она тилимиз ҳам ана шундай уммон. Биз унинг чуқурлигини, кенглигини, мавжланишини тасаввуримизга сиғдира олмаймиз. Ношудлигимиз боис чет сўзларнинг муқобилини тополмаймиз, топишни истамаймиз, ўзимизни ўқимишли, зиёли, замонавий кўрсатмоқ истаб, оврўпача сўзларни илмда ҳам, кўча-кўйда ҳам кўпроқ, унумлироқ қўллашни истаймиз. Дўконларга, ошхоналарга, қаҳвахоналарга, корхоналарга инглизча, немисча номларни қўямиз: «Элегант», «Супер голд», «Бургер», «Макро», «Супер маркет», “Торт ленд”, «Мутлу»…

Бу рўйхатни узоқ давом эттиришимиз мумкин. Худди бирор инглиз қаҳвахонамизга кириб номига тушунмай қоладигандай. Айниқса, бу йил “cити”, “cалл марказ”, «микро», «макро», «блогер», “ҳаус”, «маркет», «супер», «сквер» каби сўзлар жуда урф  бўлди. Буларнинг ўрнига шаҳар, мурожаат маркази, кичик, катта, мухбир, уй, энг зўр, хиёбон сўзларини қўлласак, замонавийлигимиз камайиб қоладими? Шунча йил асоратда бўлган тилимизни яна асоратга солмоқ истаймизми? Ҳали рус тили исканжасидан тўлиқ қутулмаган тилимизни инглиз тили човутига солишни ўзимиз хоҳлаяпмиз шекилли?

Чет тилни яхши билмаганимиз камчиликдай туюлади. Лекин она тилимизда бир варақ матнни хатосиз ёза олмаслигимиз бизни ўйлантирмайди. Фарзандларимизнинг чет тилни ўрганишига алоҳида аҳамият қаратамиз, лекин унинг она тилидаги нутқ маданиятига, ёзма саводхонлигига аҳамият бермаймиз. Ахир ёзма саводхонлик шахснинг савиясини белгилайдиган омиллардан бири эмасми? Буларнинг барчасига она тилимизга бўлган муносабатимиз сабабчи. Она тилимизга бўлган муносабатимизни ўзгартиришимиз керак!

Ҳамма нарсада меъёр муҳим. Дорини белгиланган меъёрда истеъмол қилсангиз, даво бўлади. Ортиқчаси асоратлар келтириб чиқаради. Бугунги кунда миллий либосларимизни Европа либосларига алмаштириб бўлдик. Фарзандларимизда миллий мусиқани ҳис қилиш ва ундан завқланиш туйғуси йироқлашиб, мусиқий дид ўтмаслашиб бўлди. Қўшиқларнинг матни масаласи алоҳида бир муаммо.

Каттага ҳурматда, кичикка иззатда бўлиш, ўзбекнинг қон-қонига сингган ҳалоллик ва соддалик, андиша, орият, инсоф тушунчалари эриш туюлмоқда бугунги айрим замонавий инсонлар учун.  Илдизларимиздан тобора узоқлашиб бораётгандекмиз. Ғарбдан илғор жиҳатларни олиш, лекин миллийлигимизга, яхши фазилатларимизга путур етказадиган хусусиятларни ўзлаштирмаслик кераклигини ҳар бир уйғоқ фикрли инсон бугунги кунда яхши англаб турибди. Айниқса, миллийлигимиз ифодаси бўлган тилимизга соя солмайлик! 

Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш, тил борасидаги камчиликларни бартараф этиш долзарб масала эканлиги  Президентимизнинг     «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида тўлақонли акс этган. Фармонда мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида, жумладан, давлат бошқаруви, замонавий инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, ҳарбий иш, тиббиёт ва бошқа соҳаларда давлат тилининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш ва тўғри фойдаланишга эришиш, таълим муассасаларида давлат тилини ўргатиш ва уни билиш даражасини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш, давлат тилининг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш, давлат тили софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш, давлат тили қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни мунтазам ва ҳар томонлама ўрганиш, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш  каби қатор вазифалар аниқ белгилаб берилган.

Демак, тилимизга бўлган эътибор, ўзбек тилининг турли сатҳлари таҳлилига оид илмий изланишларнинг сифат ва самарадорлигини ошириш ҳукуматимиз томонидан кун тартибига қўйилмоқда. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати», «Давлат тилида иш юритиш» китобларининг қайта нашр этилиши бу борадаги энг аҳамиятли амалий ишлардан бўлди. Ўзбек тили имлоси, этимологияси, иборалари, мақол ва маталлари, фан-техника, ахборот технологиялари, дипломатия ва шу каби ўнлаб соҳаларга  оид атамаларнинг мукаммал  луғатларини яратиш, минглаб нусхаларда чоп этиш ва аҳоли орасида тарғиб қилиш давр талабига айланиб бўлган.

Ўзбек тили байрами арафасида  асрлар оша сайқалланиб, зуғум ва ситамларни енгиб ўтган, қадимий ва навқирон, теран ва бийрон, кенгликда уммону денгиз,  жаҳондаги барча тиллар ичида мен учун тенгсиз она тилимга қараб:  “Мангу омон бўл, она тилим! Минг йиллар оша халқимиз онгу шуурига, руҳияти, тарихига кўзгу, ҳисларига таржимон бўлиб хизмат қилавер!” – деб ҳайқиргим келади.

Обидхон ҲУСАНХЎЖАЕВ,
Наманган давлат университети
филология факультети декани ўринбосари,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори