Наманган давлат университети ўзбек тили байрамига бағишланган давра суҳбати ўтказилди

Айни кунларда юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 35 йил тўлиши муносабати маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Жумладан,  Наманган давлат университети қошидаги «Пресс-клуб» ташаббуси билан филология факультетида тилшунос олимлар, филологлар, адабиётшунослар, ёш тадқиқотчилар ва талабалар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар томонидан ўзбек тилининг ҳуқуқий мақомини белгилашда енгиб ўтилган қийинчиликлар, ҳозирги кунда тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланиш учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда давлат тилини янги поғонага олиб чиқиш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътироф этилди.

Наманган давлат университети ўзбек тили байрамига бағишланган давра суҳбати ўтказилди
Фото:«Пресс-клуб»

Шунингдек, ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш учун уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига киритишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарурлиги ҳамда ҳар биримиздан тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашишни талаб этиши таъкидланди.

Ўзбек тилига кириб келаётган ўзлашма сўзлар ва уларнинг соф ўзбекча муқобилларининг манбалари, тил ўрганишнинг психологик жиҳатлари ҳақида ҳам батафсил сўз юритилиб, бу борада талабаларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Давра суҳбати ниҳоясида она тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини янада юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб маънавий бурч эканлиги хулоса сифатида айтиб ўтилди. Мавзуга доир шеърлар ўқилди.

Давра суҳбати юксак мазмун-моҳияти билан иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.