Йўлдаги масъулият - ҳаёт олдидаги масъулият

Инсон ҳаёти Ислом динида энг улуғ ва дахлсиз неъматлардан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратган, унинг жони, шаъни ва мол-мулкини муҳофаза қилишни эса шариатнинг энг юксак мақсадлари қаторига қўйган. Шунинг учун ҳам мусулмон инсон фақат ибодатларида эмас, балки жамият ҳаётига дахлдор ҳар бир муносабатида масъулиятли бўлиши лозим. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш ана шу масъулиятнинг ажралмас қисми ҳисобланади.  Бугун йўл-транспорт ҳодисалари дунё миқёсида энг оғриқли муаммолардан бирига айланган. Ҳар куни юзлаб инсонлар ўз ҳаётидан айрилмоқда, минглаб оилалар эса мусибатга дуч келмоқда. Бу фожиаларнинг аксарияти техник носозликдан эмас, балки инсон омили  тезликни ошириш, бепарволик, йўл ҳаракати қоидаларини менсимаслик, маст ҳолда транспорт бошқариш ёки ҳайдовчининг эътиборини телефон чалғитиши оқибатида содир бўлади. Ачинарлиси, бир лаҳзалик эҳтиётсизлик баъзан бутун умрлик пушаймонга айланади.

Ислом таълимоти эса инсон ҳаётига хавф соладиган ҳар қандай хатти-ҳаракатни қатъий қоралайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
«Ўз қўлларингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанг» (Бақара сураси, 195-оят), деб марҳамат қилади.

Яна бир оятда:

«Ким бир жонни ноҳақ ўлдирса, гўё бутун инсониятни ўлдиргандек бўлади» (Моида сураси, 32-оят), дейилади.

Бу илоҳий ҳукмлар инсон ҳаётининг беқиёс қадр-қимматини намоён этади. Демак, йўлдаги ҳар бир қоидага амал қилиш оддий ҳуқуқий талаб эмас, балки инсон ҳаётига бўлган ҳурматнинг амалий ифодасидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Зарар бериш ҳам, зарарга зарар билан жавоб қайтариш ҳам йўқ», деганлар.  Ушбу ҳадис мусулмоннинг ўзгаларга озор етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ишдан тийилиши лозимлигини англатади. Йўлда тартиб-интизомга риоя қилиш, бошқаларнинг ҳаққи ва хавфсизлигини ҳурмат қилиш ҳам ана шу юксак ахлоқий тамойилнинг ҳаётдаги кўринишидир. Рулга ўтирган ҳар бир ҳайдовчи нафақат транспорт воситасини, балки бир нечта инсон тақдирини ҳам бошқараётганини унутмаслиги керак. Белгиланган тезликка амал қилиш, йўл белгилари ва светофор талабларига риоя этиш, транспортнинг техник созлигини таъминлаш, ҳаракат вақтида эътиборни чалғитадиган омиллардан воз кечиш — буларнинг барчаси нафақат қонун талаби, балки виждон ва иймон тақозосидир. Йўл ҳаракати маданияти жамиятнинг маънавий қиёфасини ҳам намоён этади. Қонунга ҳурмат устувор бўлган жамиятда инсон ҳаёти қадрланади, тартиб ва хавфсизлик мустаҳкамланади. Аксинча, бепарволик устун келган муҳитда эса йўқотишлар ва надоматлар кўпайиб боради.  Шу боис ҳар бир ҳайдовчи ва пиёда йўлдаги ҳар бир қадами ва ҳар бир қарори учун жавобгар эканини ҳис қилиши зарур. Зеро, эҳтиёткорлик фақат ўз ҳаётимизни эмас, балки бошқаларнинг ҳам тақдирини асрайди.
Ҳаёт Аллоҳнинг энг улуғ неъматидир. Уни асраш эса ҳар бир инсоннинг диний, қонуний ва инсоний бурчидир. Йўллардаги интизом, ўзаро ҳурмат ва юксак масъулият жамиятимиз тинчлиги, оилаларимиз фаровонлиги ҳамда фарзандларимиз хавфсиз келажагининг энг мустаҳкам кафолатидир.

Нуруллоҳ Маҳкамов,
Чуст тумани бош имом хатиби.