Меҳнатга берилган юксак эътироф: Наманганда 53 нафар нуроний «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланди

Мамлакатимизда кўп йиллик ҳалол меҳнат, бой ҳаётий тажриба ва жамият тараққиётига қўшилган муносиб ҳиссани муносиб қадрлаш эзгу анъанага айланган. Айниқса, кекса авлод вакилларининг меҳнат фаолияти, уларнинг ёшлар тарбияси, оила мустаҳкамлиги ва миллий қадриятларни асраб-авайлаш йўлидаги хизматларига давлат даражасида юксак эътибор қаратилаётгани бу борада амалга оширилаётган эзгу сиёсатнинг амалий ифодасидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида таъсис этилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони ана шундай юксак эътирофлардан бири ҳисобланади. У турли соҳаларда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, жамиятда ҳурмат қозонган, ҳаётини оилалар мустаҳкамлиги, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраш ҳамда ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва катталарга ҳурмат руҳида тарбиялашдек шарафли ишларга бағишлаган фидоий инсонларга топшириб келинмоқда.
Мазкур юксак мукофот билан шу кунга қадар Наманган вилоятидан 432 нафар нуроний тақдирланган бўлса, жорий йилда яна 53 нафар фидоий ва ташаббускор кекса авлод вакили ушбу юксак эътирофга муносиб деб топилди.
Шу муносабат билан Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди. Уч авлод вакилларини бир саҳна атрофида жамлаган тадбир меҳр-оқибат, ҳурмат ва эътироф байрамига айланди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов сўзга чиқиб, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, маҳаллалардаги маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда ёшларни комил инсон этиб тарбиялашда нуронийларнинг ўрни ва хизматлари беқиёс эканини таъкидлади. Уларга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр ва эл-юрт фаровонлиги йўлидаги хайрли ишларида муваффақиятлар тилади.
“Нуроний” жамғармаси Республика бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев ҳам йиғилганларни самимий қутлар экан, Наманган аҳлининг меҳнатсеварлиги, бағрикенглиги ва миллий қадриятларга садоқатини алоҳида эътироф этди.
Маросим давомида тақдирланганларга 1-, 2- ва 3-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
Эътирофдан мамнун бўлган нуронийлар мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган бундай юксак эътибор учун миннатдорлик билдириб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва Ватанимиз тараққиёти бардавом бўлишини тилаб дуо қилдилар.