Наманган давлат техника университетида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида волейбол бўйича мусобақанинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги олий таълим муассасаларининг ўғил болалар жамоалари ғолиблик учун ўзаро куч синашди.
Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой кечган мусобақада иштирокчилар ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, спорт маҳорати ва жамоавий ҳамжиҳатлигини намоён этди. Ҳар бир учрашувда жамоалар ғалаба қозониш, олий таълим муассасаси шарафини муносиб ҳимоя қилиш ва мусобақанинг кейинги босқичига йўлланмани қўлга киритиш учун астойдил ҳаракат қилди.
Беллашувлар давомида волейболчиларнинг тезкор ҳаракатлари, ўзаро ҳамжиҳатликда ташкил этган ҳужумлари ва ҳимоядаги ҳаракатлари мусобақага янада қизғин тус берди. Айниқса, жамоаларнинг ҳар бир очко учун кураши иштирокчиларнинг спортга бўлган қизиқиши ва ғалабага интилишини яққол намоён этди.
Мазкур мусобақа ёшлар ўртасида волейболни оммалаштириш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда иқтидорли спортчиларни аниқлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА
