Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўқ отиш спорти бўйича ўтказилаётган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари тарихий натижа қайд этди. Қувонарлиси, бронза медалига сазовор бўлган жамоа таркибидан икки нафар наманганлик спортчи — Содиқжон Абдуллаев ва Муҳаммад Камалов ҳам ўрин олди.
Эркаклар ўртасида 10 метр масофадан пневматик тўппончадан отиш бўйича жамоавий баҳсларда Владимир Свечников, Содиқжон Абдуллаев ҳамда Муҳаммад Камалов юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Ҳамюртларимиз ҳал қилувчи босқичда 1738 очко жамғариб, бронза медалига сазовор бўлди.
Эътиборлиси, мазкур бронза медаль Ўзбекистон мерганлари учун жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк соврин ҳисобланади. Ушбу тарихий муваффақиятга Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгаши тарбияланувчилари — Содиқжон Абдуллаев ва Муҳаммад Камалов ҳам муносиб ҳисса қўшди.
Бу натижа нафақат Наманган вилояти, балки бутун юртимиз спорти учун катта қувонч ва фахр бағишлайди.
