Наманганлик Илья Сибирцев Жаҳон кубогида бронза медалини қўлга киритди ва миллий рекорд ўрнатди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, Наманган вилоятидаги «OCEAN» сув спорти саройи тарбияланувчиси Илья Сибирцев сузиш бўйича Жаҳон кубогининг Остона босқичида совриндорлар қаторидан жой олди.

Қозоғистон пойтахтида қисқа сув йўлагида (25 метрли бассейн) ўтказилаётган мусобақада у 1500 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида 14:43.97 натижа билан учинчи ўринни эгаллади. Бу натижа Ўзбекистоннинг мазкур масофадаги янги миллий рекорди бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Илья Сибирцев Жаҳон кубогининг Тошкент босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этган. Унда спортчи 800 метрга эркин усулда сузишда 7:40.77 натижа билан бронза медалини қўлга киритиб, миллий рекордни янгилаган эди.

Шу тариқа, спортчи Жаҳон кубогининг икки босқичида иккита бронза медалига сазовор бўлди ва икки масофада Ўзбекистон рекордларини янгилади.