Йўллар янгиланди, манзиллар чирой очди

Наманган вилоятида транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, автомобиль йўлларини замон талаблари асосида реконструкция қилиш, йўл бўйларини ободонлаштириш ва аҳоли учун муносиб ҳаракатланиш шароитини яратишга қаратилган бунёдкорлик ишлари изчил давом этмоқда. Бу жараёнда йўлларнинг қатнов қисмини кенгайтириш билан бирга, атроф-муҳитни кўкаламзорлаштириш, замонавий ёритиш тизимларини ўрнатиш ва аҳоли масканларига кўркамлик бағишлашга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. D 110 «Тўрақўрғон – Наманган – Чортоқ – Кесканёр» автомобиль йўлида ҳам амалга оширилди. Илгари айрим қисмлари бугунги транспорт оқими ва инфратузилма талабларига тўлиқ жавоб бермаган ушбу йўналишда олиб борилган реконструкция ишлари натижасида қатнов шароити яхшиланиб, йўл бўйларида ҳам мутлақо янги манзара шаклланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2025–2027-йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Тўрақўрғон туманидан бошланиб, Наманган шаҳри орқали Чортоқ тумани ва Кесканёр қишлоғига қадар давом этадиган мазкур автомобиль йўлини реконструкция қилиш учун жами 61,313 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Лойиҳанинг Янги Наманган тумани ҳудудидан ўтувчи 29–35-километрларида бажарилган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ. Бу ерда автомобиль йўлининг қатнов қисми кенгайтирилиб, пиёдалар учун янги йўлаклар барпо этилди. Йўл ёқаларида сув оқимини тартибга солиш мақсадида бетон лотоклар ўрнатилди. Натижада ҳайдовчилар ва пиёдалар учун ҳаракатланиш имкониятлари кенгайиб, транспорт қатновининг янада тартибли ҳаракатланишига замин яратилди.

Эътиборлиси, қурилиш ишлари фақат йўлнинг ўзи билан чекланмади. Йўл бўйларида бетон устунлар ўрнатилиб, кўча ёритгичлари билан жиҳозланди. Бу эса тунги вақтда кўчаларнинг ёруғ ва файзли кўринишини таъминлаш билан бирга, ҳаракат хавфсизлиги учун ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Кўприклар атрофига манзарали дарахт кўчатлари экилди, туташ майдонлар тартибга келтирилиб, кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди. Бир вақтлар ободонлаштиришга эҳтиёж сезилган йўл бўйлари бугун кенг, равон ва кўркам манзараси билан кишида яхши таассурот уйғотади.

Лойиҳа доирасида пиёдалар хавфсизлиги масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Хусусан, туманнинг «Ишонч» маҳалласида жойлашган 62-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари учун автомобиль йўлини хавфсиз кесиб ўтиш имконини яратиш мақсадида 28–29-километрлар оралиғида ерости пиёдалар ўтиш йўли қурилди. Ушбу иншоот, айниқса, мактаб ёшидаги болаларнинг хавфсиз ҳаракатланишида муҳим ўрин тутади. Шунингдек, объект ҳудудидаги иккита кўприкда тўлиқ таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Реконструкция ишлари «Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси» давлат унитар корхонаси буюртмаси асосида, пудратчи «Ровустон қурилиш сервис» масъулияти чекланган жамияти томонидан бажарилди.

Бугун D 110 автомобиль йўлининг Янги Наманган тумани ҳудудидан ўтувчи қисмидаги манзарага назар ташлар экансиз, амалга оширилган ишлар самараси яққол намоён бўлади. Кенгайтирилган қатнов йўлаклари, пиёдалар учун барпо этилган йўлкалар, замонавий ёритиш воситалари, таъмирланган кўприклар ва манзарали дарахтлар билан бойитилган атроф-муҳит ўзаро уйғунлик касб этган. Бу ерда йўлнинг ташқи кўриниши ҳам, ҳаракатланиш шароити ҳам тубдан янгиланган.

Зеро, обод йўл — тараққиёт ва фаровонликнинг муҳим белгиларидан бири. Янги Наманган туманидаги мазкур ўзгаришлар ҳам йўлсозлик ишларининг замирида аҳоли манфаати, хавфсизлик ва ҳудудлар қиёфасини яхшилашдек эзгу мақсадлар мужассам эканини кўрсатади. Равон йўллар, ёруғ кўчалар ва кўкаламзор масканлар эса бугунги бунёдкорлик самарасини намоён этиб, ҳудудга янада файз бағишламоқда.