Наманганда iv халқаро чорвачилик кўргазмаси

Янги Наманган туманидаги «Ёшлик барака» чорва ҳайвонлари бозорида IV халқаро зотдор чорва ҳайвонлари ва паррандалар кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Наманган вилояти ҳамда республикамизнинг турли ҳудудларидан келган фермерлар, чорвадорлар, тадбиркорлар, соҳа мутахассислари, шунингдек, қўшни давлатлар вакиллари иштирок этди.

Кўргазма майдонида турли зотдаги қўй-эчкилар, қорамоллар, отлар, туялар, қуёнлар ва паррандалар намойиш қилинди. Ташриф буюрувчилар уларнинг насл хусусиятлари, ташқи кўриниши ва маҳсулдорлик имкониятлари билан яқиндан танишди. Айниқса, зотдор ҳайвонларни парваришлаш ва кўпайтириш борасидаги тажрибалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Тадбир нафақат соҳа вакиллари, балки чорвачиликка қизиқувчи фуқаролар учун ҳам ўзига хос тажриба алмашиш майдони бўлди.

Кўргазманинг ҳар йили ўтказилиши замирида муҳим мақсад мужассам. Бу — чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш, наслчилик ишларини такомиллаштириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдир. Зеро, тармоқнинг рақобатбардошлиги чорва моллари сони билангина эмас, балки уларнинг зоти, насли ва маҳсулдорлиги билан ҳам белгиланади.
Наманган вилоятида ҳам чорвачилик тармоғининг қамрови кенгайиб бормоқда. Айни пайтда ушбу йўналишда 735 та субъект фаолият юритмоқда. Уларнинг 300 таси қорамолчилик, 24 таси қўй-эчкичилик, 76 таси паррандачилик, биттаси отчилик ва туячилик, 14 таси эса асаларичиликка ихтисослашган. Балиқчилик йўналишида ҳам 320 та субъект фаолият олиб бормоқда. Мазкур тармоқлар учун ажратилган ер майдонлари жами 15 минг 863 гектарни ташкил этади.
Соҳадаги муҳим йўналишлардан бири наслчилик салоҳиятини оширишдир. Хусусан, вилоятга хориждан зотдор чорва ҳайвонлари олиб келинмоқда. Биргина Монголиядан 700 бошдан зиёд қўй келтирилган эди. Ўтган вақт давомида улардан насл олиниб, қўйлар сони табиий кўпайиш ҳисобига ортди. Бу эса зотдор чорва ҳайвонларини кўпайтириш ва маҳаллий наслчилик салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги амалий натижалардан биридир.

Шу билан бирга, вилоятда йирик чорвачилик лойиҳалари ҳам амалга оширилмоқда. Тўрақўрғон туманида 70 минг бош қўйга мўлжалланган замонавий чорвачилик кластери мавжуд. Бир қатор туманларда паррандачилик мажмуаларини ривожлантириш ишлари олиб борилмоқда. Косонсой туманида эса 25 минг бош қорамолга мўлжалланган йирик чорвачилик комплексини барпо этиш режалаштирилган. Бу каби ташаббуслар тармоқнинг ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, маҳсулот ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.

Кўргазма халқаро мулоқот ва тажриба алмашиш учун ҳам қулай майдон бўлди. Қўшни давлатлардан ташриф буюрган соҳа вакиллари, шунингдек, республикамизнинг бошқа ҳудудларидан келган чорвадорлар ўзаро фикр алмашди. Зотдор ҳайвонлар етиштириш, наслчилик тажрибасини ўрганиш ва келгусида ҳамкорлик қилиш бўйича қизиқиш билдирилди. Бундай учрашувлар соҳага янги тажриба ва ишбилармонлик алоқаларини олиб кириши билан аҳамиятлидир.

Тадбир доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ва савдо ярмаркалари ҳам ташкил этилди. Унда гўшт-сут ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, асаларичилик маҳсулотлари, ветеринария препаратлари намойиш қилинди. Тижорат банклари эса тадбиркорларга молиявий хизматлар, кредитлаш имкониятлари ва ҳамкорлик таклифларини тақдим этди.

Бугун Наманган вилоятида етиштирилаётган гўшт ва сут маҳсулотлари нафақат маҳаллий бозорлар эҳтиёжини таъминламоқда, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларига ҳам етказиб берилмоқда. Бу эса чорвачиликнинг ҳудуд иқтисодиётидаги ўрни, аҳоли дастурхонини сифатли маҳсулотлар билан таъминлашдаги аҳамияти ва тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш имкониятларини намоён этади.

Шу маънода, IV халқаро кўргазма оддий намойиш тадбиридан кўра кенгроқ мазмун касб этди. У чорвадорлар, тадбиркорлар, мутахассислар ва соҳага қизиқувчи аҳоли учун тажриба алмашиш, янги имкониятларни кашф этиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш майдонига айланди.