Наманган шаҳрининг Олвализор маҳалласи бор. Шу ҳудуднинг Марғилон кўчаси 3-уйда Файзуллохон Исомиддинов билан Салимахон Абдураҳмоноваларнинг оиласи яшаган. Бу хонадонда беш қиз, уч ўғил, жами саккиз нафар фарзанд туғилиб, “жигар”лардан икки қиз, икки ўғил оламдан ўтишган.
Ота электромонтёр, она эса “Лола”даҳасидаги аврли шойи газламалар комбинатида фаррош бўлиб ишлашган. Ота-она навбатдаги қиз туғилганда азизу мукаррам бўлсин, бахтли-истиқболли бўлсин, деб унга “Мукаррам” исмини қўйишди. Онахоннинг уй юмушларидан ортиб қиладиган иши – ширинликлар, пишириқлар тайёрлаш эди. Унинг бу ҳунари қизларига юққан, жумладан Мукаррамга ҳам. У 10-мактабнинг юқори синфида ўқиётган давридаёқ қўли гул пазанда сифатида танилганди. Пишириқларни “Сардоба”, “Чорсу” бозорига олиб бориб сотарди, у бу машғулотини ҳозир ҳам канда қилган эмас.
Биласиз Наманганимизда юқори синфда ўқиётган қизларимизни “харидор”лар мактабдаёқ “банд” қилиб қўйишади. Сирғамиди … ишқилиб бирор бир қимматлик совға қилиб “бошини боғлаб” олишади. Мукаррам ҳам ўша “дом”га илинди. “Майли ҳаммаси яхшиликка…” – ўйлади. Ўшанда у 17 ёшда эди.
Аммо тақдир “чала” экан. Атиги уч ярим йилдаёқ “қўйди-чиқди” бўлди. Бири қўлида бўлган Ҳожиакбар, иккинчиси қорнида қолган Музаффар билан ота-онасининг ҳовлисига “келиб қолди”. Ёш келинлар учун “келиб қолибди” деган ибора нақадар оғир, буни фақат бошига тушганларгина ҳис этади. Бундай тақдирга дучор бўлганлар ўз уйининг бегонаси сифатида яшашади…
***
“Қачонгача, қачонгача давом этади бу рўзғор қийинчилилиги…”. Туну кун ўйларди у. Мукаррам ўша кунларда “Уй шароитида ишлаб чиқариш” лойиҳаси доирасида “Бутунжаҳонга эшик очиқ!” гранти танловида иштирок этди. Танлов ғолиби сифатида Америкага йўл олди. Ўша даврда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Абдулазиз Комилов танлов ғолибларини қабул қилди. Ўзининг одмилиги, камтарлиги, меҳнаткашлиги ва уй шароитидаги уқуви билан бошқаларнинг ҳам ҳурматини қозонди. Американинг олтита штатида бўлиб, ўзи ҳам кўп нарса ўрганди, ўзбек миллий таомлари ва пишириқларини хорижий мамлакатда кўз-кўз қилди.
Мукаррам она шаҳрига олам-олам таассуроту тасаввурлар билан қайтди. Ўз ҳунари устида янада кўпроқ ишлади. Унинг ҳаракатини кўрган муштипар онаизор “Ҳизр бувам”даги отасидан қолган мерос ҳовлини Мукаррамга “ҳадя” қилди. Уйлар яроқсиз ҳолда эди. Мактаб ўқувчилари бўлган икки ўғли ёнига кириб қолди. Жияни эса ўз қизидан аъло бўлиб, оиланинг “идиш товоғи”ни ўз зиммасига олди. Ҳар йили эрта баҳордан кеч кузгача ишлашарди…
***
Мукаррам кетма-кет ўсаётган ўғиллари бўй-бастига қувонсада, уйли-жойли қилиш ғами уни тобора эзарди. “Таваккал”, – деди-ю Тошкентга борди. Миграция агентлигига учради. Хорижий давлатга ишлагани боришини, меҳнатдан қочмаслигини, трактор ва эксковатор ҳам мина олшини, гувоҳномаси борлигини, уй-рўзғор ишлари эса унинг учун писанд эмаслигини айтди. “Лоақал ўз болаларимни ҳалол меҳнат билан оёққа турғазаман-ку!”, ўйлади у.
Ўшанда 2018 йил эди. Ўзбекистонлик 20 нафар хотин-қизлар Болгарияга – қандолатчилик фабрикасига юборилди. Улар орасида кичик келбатли, аммо чайир ва пишиққина Мукаррам ўз ишига сидқидил ёндашиши билан ажралиб турарди. Роппа-роса бир йил ишлади. Кутилмаганда пандемия деган офат тарқалди. Мукаррам соғ-омон уйига қайтди.
У миграциядаги ҳаётини – Америка ва Болгарияда ўтган кунларини гоҳ кулиб, гоҳ йиғлаб эслайди. “Ўзбекмиз, қўл меҳнати бизни қўрқитолмайди. Аммо тил билмаслигимиз энг катта камчилигимиз экан. Мактабда фақат “Салом! Хайр! (ни) ўрганган эканман холос. Нима демоқчи бўлсам, уни қўлим билан имо-ишорада ёки амалиётда кўрсатиб беришим керак эди. Бирам қийналдимки… Бугун мен рус, инглиз, болгар тилларини она тилимдай биламан”.
Ҳа “Тил билан эл билади”, “Тил билмас бирни йиқар, тил билган кўпни…” деб бежиз айтишмаган экан. Мукаррам яна Тошкентга – миграция агентлигига борди.
“Болгарияни сўрадим, – дейди у. – Машҳур тадбиркор Стефан Добров фермасини танладим. Бордим. Ўзим чорва ҳайвонларига меҳрим бошқача эдида. Аммо улар мени фаррошликка муносиб кўришди. Уялмадим, тортинмадим. Миллиардер фермасида қарийб 8,5 минг бош зотдор қорамоли бор эди. Менга ажратилган жойлар эрта-ю кеч “ялтиллайди”. “Бойнинг аёнлари” ҳам менга тан беришди. Ўзбеклигим, ўзбек қизи эканлигимни кўрсатиб қўйдим уларга. Аста-секин менга қийин ва мураккаб ишлар топширилди. Гоҳида трактор миндим, гоҳида эксковатор. Аммо уларни қойил қолдирдим. Тўрт йил ишладим. Фаррошликдан иш бошқарувчиликкача кўтарилдим…”.
Мукаррам 2022 йилда икки ўғлини ҳам Болгарияга чақириб олди. Учовлон астойдил ишладилар. Кунларнинг бирида “Наманганликлар” ижтимоий тармоғи орқали Наманган шаҳрининг Қозонбулоқ мавзесида, Янгиқўрғон тумани ҳудудида бўлган чорвачилик фермаси сотилиши ҳақида эълон ўқиб қолишди. Молхона 13 сотих экан. 2023 йил охирида Мукаррам электрон савдода қатнашди. 43 минг долларга сотиб олиб, мулкдор бўлди. Она ўз болалари билан келиб, она мерос ҳовлига уй қурдилар. Алоҳида уйда яшашга не етсин?! Мукаррамнинг боши осмонда эди. Энди Ҳожиакбар ҳам, Музаффар ҳам уйланиб, ўз оилаларига бош бўлдилар. Улар бир ҳовлида алоҳида-алоҳида уйда жонажон ака-ука, жонажон қўшни бўлиб қолдилар. Улар янги меҳмон кутишяпти. Илоҳо, муродлари ҳосил бўлсин! Икки уйни битириш, никоҳ тўйлари қилиб элга ош бериш ҳам ота, ҳам она бўлган Мукаррам учун осон бўлмади. Аммо у бирор кимсадан эмас, фақат Оллоҳдан сўраб, ўз ҳунарини давом эттирди.
Шу билан бирга сотиб олинган молхонада фаолият олиб борди. Чорвачиликда кўзи пишган аёлга бу бино торлик қилди. Уни сотиб, 22 сотих қуруқ ер сотиб олди. Ўз лойиҳаси бўйича қўйхона қурди. Ҳозир бу ерда 120 бош зотдор қўйлар парваришланмоқда.
***
Шу орада Болгариядан ўша мулкдор Стефан Добровдан чақирув келди. Унинг матни “оилавий келиб ишлашнинг имкони бўлмаса бир ўғлингни юбор” деган мазмунда эди. Ҳозир оиланинг катта фарзанди Ҳожиакбар Болгариядаги 10 минг бошли фермада иш бошқарувчи. Мана, Сизга орамиздаги одамлар тақдири… Мукаррам Исомиддиновани ҳаётнинг ўзи тоблади. Янги Ўзбекистон эса унга яхши яшаш имкониятини берди. Бугун унинг қалбида режалар бисёр. Келинг, яхшиси унинг ўзига сўз навбатини берайлик!
–Болгариялик фермер ўз ҳудудига яқин жойда кўнгилочар маскан ташкил этган. Ота-оналар магазинга, бозор қилгани кириб кетишганда фарзандлари турли қуш, парранда, чорва ҳайвонлари ҳайкалчаларини томоша қиладилар. Шу ернинг ўзида жониворларнинг ҳам қўра ва уялари бор. Болалар ўз қўллари билан уларни озиқлантирадилар, суғорадилар. Тухумларини йиғиб, идишларга соладилар. Қуёнчаларни қулоғидан ушлаб, эркалайдилар. Ҳафтада бир ёки икки кун ҳар бир оила телефономаниядан узоқ яшайдилар. Табиат билан уйғунликда вақт ўтказадилар. Мен ҳам ҳовлимда шундай шароит қилиб, болалар боғчаси тарбияланувчилари ва мактабларнинг бошланғич синф ўқувчиларига қувонч улашмоқчиман.
Яна бир мақсадим шуки, қўйлар қўзилаб, тобора кўпайиб боради. Кам таъминланган оилаларга бир бошдан қўй тарқатиб, уларнинг қалбини қувонтирсам, дейман. Негаки, фарзандларим тирик етим қолиб, қозонимизга йиллаб гўшт тушмаганида, Оллоҳдан шуни сўрагандим. Илло шу кунларга ҳам етиб келдим. Яна орзуларим кўп. Ҳаммасига албатта етамиз!!!”.
Раҳимжон ИРИСОВ, журналист.




