Наманганда яна бир раҳбар PhD даражасини олди

Наманган вилоятида раҳбар кадрлар сафида илмий даражага эга бўлаётганлар сони ортиб бормоқда. Бу эса ҳудудда бошқарув фаолияти билан бир қаторда, илм-фан ва тадқиқотларга ҳам қизиқиш кучаяётганидан далолат беради.

Бу гал Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси Аҳмаджон Алаходжаев илмий ютуққа эришди. У «Пахта тозалаш қурилмаси қозиқли барабанини такомиллаштириш» мавзусидаги диссертация ишини Наманган давлат техника университети ҳузуридаги Илмий кенгашда муваффақиятли ҳимоя қилди.

Илмий кенгаш қарори билан унга фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш маъқулланди.