Тиббиёт фанлари номзоди, Соғлиқни сақлаш аълочиси Тошпўлат Абдукаримов. У — нафақат Наманган вилояти, балки водий тиббиётидаги энг моҳир жарроҳ, энг маҳоратли акушер-гинеколог эди. Унинг учун “мумкин эмас”, “иложи йўқ” деган сўзлар аҳамиятсиз эди. Чунки малакаси, қобилияти, иқтидори билан ҳар бир муаммога ечим, ҳар бир ишга хайрли ечим топа оларди…
Тошпўлат акани таниганлар у дунёга шифокор бўлиш учун келган, дейишарди. Бу жуда тўғри айтилган гап.
У 1951 йил 27 мартда Наманган шаҳрида туғилди. Андижон давлат тиббиёт институтини тугатди. 1976–1985 йилларда Наманган шаҳридаги 1-сонли шифохона жарроҳлик бўлимида жарроҳ, 1986–2003 йилларда вилоят шифохонаси жарроҳлик бўлимида катта ординатор, 2003–2009 йилларда Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказида бош врач, 2009–2015 йилларда Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида директор, 2015–2024 йилларда Наманган шаҳар туғуруқ комплекси врач акушер-гинекологи бўлиб фаолият юритдим.
2024 йилдан то вафотига қадар Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази давлат муассасасининг Наманган вилояти филиали гинекология бўлими врач акушер-гинекологи сифатида фаолият юритган Тошпўлат Абдукаримов қаерда ва қандай вазифада ишламасин, меҳнат фаолияти давомида вилоят шаҳар-туманларида хирургия хизматини ривожлантиришга, оғир беморларга тиббий хизмат кўрсатиш соҳасини такомиллаштиришга катта ҳисса қўшди.
-
Тошпўлат ака кундузи жарроҳлик бўлимида мураккаб операцияларни амалга оширса, кечаси туғруқхонада навбатчилик қилар, шошилинч жарроҳлик амалиётларини ўз зиммаларига оларди. Устозимиз минг-минглаб аёлларнинг ҳаётини сақлаб қолган, — дейди филиалнинг гинекология бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Лола Абдуллаева. — Қолаверса, вилоятдаги ҳар бир акушер-гинекологга ёрдами теккан. Энг оғир беморларни ҳам аҳволи яхшиланмагунча унинг ёнида кунлаб қолиб кетарди. Тиббиётга кириб келганларидан бошлаб бирон кун бўлмадики, санавиация хизматида навбатчилик қилмаган бўлсалар. Керак бўлса, бошқаларнинг ўрнида ҳам чақирувларга бориб, Наманганнинг ҳар бир нуқтасидаги туғруқхоналарга, масофа, вақт, саломатлиги билан ҳисоблашмай етиб бориб, жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли бажарган. Устоз амалга оширган айрим ноёб ва мураккаб операциялар Фарғона водийсида ягона ҳисобланган. Пластик ва бошқа гинекологик жарроҳликларни бажаришда унга тенг келадигани жуда кам эди. Биз шогирдларга ҳам қунт ва сабр билан соҳанинг ҳар бир босқичини ўргатардилар. Мен устознинг қўлларини моҳир заргар қўлларига ўхшатардим. Асоратли жарроҳликларда ҳам Тошпўлат акани ҳам акушер-гинеколог, ҳам хирург, ҳам қон-томир хирурги, ҳам йирингли йўналиш хирурги сифатида кўп бора кашф қилганман. Баъзан бир шифокорда шунча билим, малака, маҳорат жам бўлиши мумкинлигини кўриб, ҳайратланардим.
Тошпўлат Абдукаримов забардаст жарроҳ Маҳмуд Аҳадовичнинг энг севимли шогирдларидан бири эди. Устознинг ҳурматини ўрнига қўйиш, ишончини оқлашни энг юқорига қўярди. Устоз Маҳмуд Аҳадов оламдан ўтганида, у кишининг умр йўлдоши — таниқли акушер-гинеколог, Ўзбекистон Қаҳрамони Ойшахон Қўчқоровага чин маънода ҳамдард бўлишга интилди. Мунтазам равишда опанинг ҳолидан хабар олиб, кўнгилларини кўтаришга, касбий жараёнларга эътиборини кўпроқ қаратишга, ташвишлардан чалғитишга ҳаракат қилди. Бундай вазиятларда Тошпўлат аканинг юксак муомала маданияти, гўзал инсоний фазилатлари, самимийлиги, одамгарчилиги, меҳр-оқибати яна ёрқинроқ намоён бўлганини эътироф этишади.
Шу йилнинг 17 феврал куни Наманган тиббиёти оғир жудоликка учради. Наманган тиббиётининг фидойиси, кучли билимга эга мутахассис Тошпўлат Абдукаримов оламдан ўтди…
У докторлик диссертацияси устида ишлаётган, ҳали тиббиёт равнақи йўлида кўп тадқиқотлар ва амалий ишларни олиб боришни режа қилган эди. Ҳали беморларга керак эди, жудаям керак…
Бироқ ўлим ҳақ, Яратган ёзган қисматга кўнмай иложимиз йўқ. Кўнгилга таскин берадигани шуки, Тошпўлат Абдукаримов ортида жуда яхши ном, ёруғ из, ибратли оила, тарбияси гўзал илмли фарзандлар, ўзидек изланувчан шогирдлар қолдирди.
Айни пайтда умр йўлдоши Адолатхон опа Файзуллаева педиатр сифатида аҳоли саломатлигига ҳисса қўшиб келаётган бўлса, ўғли Улуғбек банк тизимида масъул вазифада ишлаяпти. Қизи Нозимахон — ота касбининг давомчиси, Фарғона перинатал марказида врач, акушер-гинеколог.
Ноябрнинг иккинчи якшанбаси — юртимизда “Тиббиёт ходимлари куни” сифатида нишонланади. Байрам арафасида марҳум шифокор Тошпўлат Абдукаримовни ёдга олдик. Унинг вафотига йил тўлмади, айрилиқ оғриғи ҳамон қалбларда сезилиб турибди. Бироқ… бироқ доктор Тошпўлат аканинг ҳаққига қилинаётган дуолар асло тингани йўқ. Негаки, умид жуда кам бўлган ҳолатда у ҳаётини сақлаб қолган оналарнинг, болаларнинг сони жуда кўп. Ҳар онаки, фарзандининг мунчоқ кўзларига боққанида, уни эслайди. Ҳар болаки, онаси бағрида эркаланганида, бу бахтга доктор ҳам шерик…
Демак, устоз-шифокорнинг ёрқин хотираси асло сўнмайди, у юракларда яшайверади.
Шаҳло ТОШБЕКОВА.
