Наманган шаҳрининг Чорсу ҳудуди яқинида меъморий ёдгорлик –Хўжа Амин мақбараси жойлашган. Мақбара XVIII асрнинг иккинчи ярмида, Наманган Фарғона водийсининг йирик шаҳарларидан бирига айланган вақти қурилган.
Ёдгорликка қараб, миллий ҳунармандларнинг ўлмас санъатига тасанно айтасиз. Мақбара биносини безатишда ўйма нақшлардан фойдаланилган. Самарқанднинг XIV-XV асрларга тегишли ёдгорликлари, Бухоронинг XVI-XVII асрларга тегишли бинолари рангли қопламалардан ишланган ажойиб нақшлари билан ярақлайди, бироқ ўйма нақшларни кўрмайсиз.
Лекин, XVIII асрнинг иккинчи ярмида Наманган мақбарасида ўйма нақш ишлатилгани ҳайратланарли. Мақбарага кираверишда бўртма ҳарфларда «Абдураим ўғли уста Муҳаммад Иброҳимнинг асари» деб ёдгорликни қурган устанинг исми ёзилган.
Бинонинг олд томони найзасимон арк шаклида, бурчакларида гулдаста нақшли баланд пештоқ бор. Арк тепасига “П” шаклида ҳошия билан ишлов берилган, улар ингичка ва қалин тасмалар алмашинувида ишланган бўлиб, гулдаста ҳамда геометрик нақшлар билан безатилган. Қалин ҳошиялар ўйилган чинни терракота тасмалари билан безатилган, ингичкалари эса алебастр устига икки қаватли ўйма услубида бажарилган. Маълумки, бинонинг пастки қисми авваллари қизил рангга бўялган бўлиб, очиқ оқ рангли ўйма учун фон ўрнида бўлган. Ҳозирги вақтга келиб иккала қавати ҳам бир хил рангда ва ўйма терракота чиннидан деярли фарқ қилмайди.
Хўжа Амин мақбарасининг бадиий безаги юқори дид билан моҳирона бажарилган. Алоҳида бўлакларида бутун композицияси каби бадиий ҳиссиётлар, маром ва мутаносиблик руҳи кузатилади. Шу билан бирга бутуни ва бўлаклари бир бутун услубда бирлашган. Гарчи ўйма ёзув ва нақшлари гул ва геометрик шаклларда бажарилган бўлса-да, нақш маданияти бойлиги ва турли хиллиги билан кишини лол қолдиради. Рассом диди ва моҳирона ижроси орқали нафис бежиримлик намунасини яратган.
Бу каби обидалар шаҳримизга кўрк бағишлабгина қолмасдан, аждодларимизнинг ўткир заковати, ноёб қобилиятидан далолат беради.
С. ҲАМИДОВ.
