Наманган шаҳридаги «Афсоналар водийси» тематик боғида 23–25 октябрь кунлари V Халқаро асал фестивали бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари ҳамда хорижий давлатлардан 200 нафардан ортиқ асаларичи, соҳа мутахассислари ва тадбиркорлар қатнашди. Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Россия ва яна ўнлаб хорижий мамлакатлардан элликдан зиёд асаларичиларнинг фестивалдаги иштироки тадбирнинг халқаро аҳамияти ва нуфузини янада оширди.
Фестиваль доирасида маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар томонидан 35 тоннадан кўпроқ асал ва асаларичилик маҳсулотлари намойиш этилди. Ташриф буюрганлар кўргазмада турли навдаги асалларни татиб кўриш ва бевосита ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш имкониятига эга бўлдилар.
Шунингдек, фестиваль муносабати билан ҳунармандчилик ва меҳнат ярмаркалари, миллий таомлар кўргазмаси, ошпазлар мусобақаси, миллий либослар ва халқ амалий санъати намойишлари, спорт чиқишлари ҳамда концерт дастурлари ҳам ташкил этилди. Вилоятдаги ширинлик ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий брендлар ҳам ўз маҳсулотларини тақдим этди.
Маълумотларга кўра, вилоятимизда 2025 йилда 4,5 минг тоннадан ортиқ асал ишлаб чиқарилган. Жорий йилда эса бу кўрсаткич 5,2 минг тоннага етган. Айни пайтда ҳудудда 4 590 нафар асаларичи 350 мингдан зиёд асалари оиласини парвариш қилмоқда. Йил бошидан буён қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 35 мингдан ортиқ асалари пакетлари Россия, Беларусь, Қирғизистон ва Хитойга экспорт қилинди.
Халқаро фестиваль асаларичилик соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда вилоятнинг туристик ва гастрономик имкониятларини кенг тарғиб этишга йўл очиб беради.
Санжарбек ҲАМИДОВ.
