Наманган шаҳридаги «Афсоналар водийси» тематик боғида V Халқаро асал фестивали тантанали очилди.
Очилиш маросимида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Зуҳриддин Баҳриддинов сўзга чиқиб, асаларичиликни ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва экспорт имкониятларини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
23–25 октябрь кунлари давом этадиган фестивалда 200 нафардан ортиқ маҳаллий ва хорижий асаларичи, тадбиркор ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этмоқда. Кўргазмада жами 35 тонна асал ва асаларичилик маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
Фестивалда Озарбайжондан келган I’M HONEY компанияси асосчиси ва бош директори Фераҳи Оғузхон (Ferahi Oguzkhan) ҳам иштирок этмоқда. У маҳаллий асал маҳсулотларини Озарбайжон ва Саудия Арабистони бозорларига экспорт қилиш имкониятларига қизиқиш билдирмоқда.
Тадбир доирасида ҳунармандчилик ярмаркалари, миллий таомлар танлови, маҳаллий ширинликлар кўргазмаси ва концерт дастурлари ҳам ташкил этилган.
Фестиваль маҳаллий асал маҳсулотларини халқаро бозорларда тарғиб қилиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва вилоятнинг туристик салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
