Кўпдин бериким, ёру диёрим йўқтур,
Бир лаҳзаю бир нафас қарорим йўқтур.
Келдим бу сори ўз ихтиёрим бирла,
Лекин боруримда ихтиёрим йўқтур…
Кўпчилигимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ушбу рубоийси билан мактаб партасидаёқ танишганмиз. Ўшанда унинг мағзи, мазмунини у қадар чуқур англамаган бўлишимиз мумкин. Хусусан, мен ҳам бу сатрларда Ватандан олисда яшаган шоҳ ва шоирнинг юрт соғинчи ифода этилган деб ўйлаганман. Чиндан ҳам, шундай. Бироқ…
Бироқ бир йигитнинг ижтимоий тармоқ орқали менга ёзган мактубини ўқигач, шу тўрт қатор замирида қанчалар катта ҳис-туйғулар, кучли изтироб ва дард борлигини теранроқ ҳис этгандай бўлдим.
Мактуб Бобурнинг айни шу рубоийси билан бошланган эди. У йигит – собиқ ҳамюртимиз, хорижий давлатга ҳали йигирма ҳам тўлиб улгурмаган бир пайтда кетган. Албатта, илм олган, касб-кор қилган, ҳозир у ерда уй-жойи, оиласи бор, мана шу давлатда умрбод яшаб қолиш истагида бўлган, ёши ҳам қирқдан ошиб, элликка қараб кетаётган, моддият томондан ками-кўсти йўқ. Аммо ёши ўтгани сайин унинг юрагидаги Ватанга интилиш, Ватанни соғиниш ҳисси тобора кучайиб бораверган… “Дард чексанг, дарров дўст-қадрдонинг кўнгил сўрайдиган, бир коса тансиқ таомини қўшнисига илинадиган, бир-бирига меҳр ва яхшилик соғинадиган Ватанимни – Ўзбекистонимни соғиндим”, деб ёзади у. Фақат бу истагини турмуш ўртоғига, фарзандларига тушунтира олмаяпти экан. Кетаётганида бир ўзи билан ҳисоблашган эди, энди эса бир неча жон ришталарини узиб қайтиши керак бўляпти…
Қаранг, Бобур бобомизнинг бундан бир неча юз йиллар аввал чеккан қайғуси бугуннинг фуқаросининг ҳам дардига айланганини?! Ахир, унинг изтироблари, оҳу зорлари бизга сабоқ бўлиши керакмасмиди? Ватанда йироқда толе кулмаслигини у бир эмас, такрор-такрор таъкидлаган эди-ку!..
Бугун ишлаш, пул топиш мақсадидаги ҳамюртларимизнинг “четга кетаяпман” деган сўзларини оддий сўзлардек қабул қиламиз. Лекин бунинг тагидаги муаммо, оғриқни ҳис қилмаймиз. Қанча-қанча замондошларимиз хорижий давлатларга не мақсадда боряптилар-у, не дард билан қайтишяпти? Йўллари йўқотиш, ҳаттоки, жиноят деб аталмиш сўқмоқларга бурилиб кетаётганини ўзлари ҳам билмай қолишаётгани – энг ёмони. Афсуски, сўнгги пушаймондан наф йўқ…
Мактуб йўллаган собиқ ҳамюртимиз тўкин ҳаётда яшаб ҳам надомат чекаяпти, ноқонуний меҳнат мигранти бўлиб борганларнинг оғриғини тасаввур қилаверинг. Адолатсизликлар, хўрликлар, ҳуқуқларнинг поймол этилиши, соғликларнинг йўқотилиши кўнгилдаги хавотирни кучайтиради…
Айтмоқчи бўлганимиз: Ватандан айро тушманг. Киндик қони тўкилган заминнинг қадрини, Ватанда яшаш бахтини ҳеч нима билан ўлчаб бўлмайди. Бир куни афсус чекманг, худди шоҳ ва шоир ҳазрати Бобурдек…
“Келдим бу сори ўз ихтиёрим бирла,
Лекин боруримда ихтиёрим йўқтур…”
Ҳайитали ТЎЙЧИЕВ.
