У ёшларни касбга йўналтириш мақсадига қаратилди
Бугунги кунда ёшларни касбга йўналтириш, уларни амалий кўникмага эга мутахассис сифатида тайёрлаш мамлакатимизда энг долзарб вазифалардан бирига айланмоқда. Ана шу мақсадга қаратилган учрашувлардан бири Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий Кенгаши раиси Ҳусан Ботиров ҳафтанинг ҳар пайшанба куни ўтказилаётган «Ёшлар куни» доирасида ёшлар билан очиқ мулоқот қилди.
Учрашувда ташкилот фаолияти, амалга оширилаётган лойиҳалар ва истиқболдаги режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Мулоқот давомида ёшлар учун яратилаётган имкониятларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Таъкидлаш ўринлики, айни пайтда Марказий Кенгаш ва унинг тасарруфидаги ташкилотларда қатор замонавий касбий таълим йўналишлари бўйича ўқув жараёнлари йўлга қўйилган. Жумладан, вулканизаторчи, автоэлектрик, электрогазпайвандчи, автослесар, автокран ва автогидроподёмник бошқарувчиси каби техник мутахассисликлар бўйича ёшлар амалий билим олмоқда.
Шунингдек, ғилдиракли тракторларни бошқариш каби йўналишлар ҳам талаб юқори бўлган касблар қаторига киргани учун бу йўналишда ҳам кадрлар тайёрланишига эътибор қаратиляпти.
Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масаласи ҳам учрашув марказида бўлди. Маълумот берилдики, «Ватанпарвар» ташкилоти қошида ҳаво милтиғидан ўқ отиш, триатлон, ёзги биатлон, дуатлон, моделсозлик, авиамоделчилик, радиоспорт, картинг, автоспорт, авторалли, мотоспорт ҳамда ҳарбий амалий кўпкураш каби қатор спорт турлари бўйича тўгарак ва секциялар фаолият юритиб келмоқда. Натижада кўплаб ёшлар халқаро ва Республика мусобақаларда нуфузли ўринларни қўлга киритмоқдалар.
Учрашувда таъкидланганидек, ташкилот республикада малакали ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича намунали тизимни йўлга қўйган. Бу эса ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тезроқ мустақил ҳаётга тайёрлаш ҳамда меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар сонини оширишга хизмат қилмоқда.
Мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, келгусида касб танлаш ва техник соҳаларга қизиқишни кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Бу каби учрашувлар ёшларнинг касбга бўлган қизиқишини ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва замонавий билимларга йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Санжарбек ҲАМИДОВ.
