Яшил макон — умумхалқ ҳаракати сифатида

Мамлакат миқёсида кенг қулоч ёйган  “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бугунги кунда нафақат экологик ташаббус, балки халқни бирлаштирувчи, ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамламоқда. Кўчат экиш ва янги боғлар барпо этиш орқали юртимизда табиатга бўлган эҳтиром янада юксалмоқда.

Яшил ҳудудларни кенгайтириш — бу фақатгина гўзал манзара яратиш эмас. У аввало экологик мувозанатни таъминлаш, аҳоли саломатлигини яхшилаш ва келажак авлод учун соғлом муҳит барпо этишга хизмат қилади. Шу билан бирга, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш учун ҳам мустаҳкам замин яратади.

Наманган вилоятида ҳам мазкур лойиҳа доирасидаги ишлар изчил ва юқори суръатларда амалга оширилмоқда. “Янги Ўзбекистон эко боғи”да аввалги йилларда экилган дарахтларнинг бугун гуллаб-яшнамоқда. Айниқса, ушбу боғда вилоятдаги ижодкорларнинг  “Журналистлар эко майдони” пайдо бўлди. Биз табиатни яшиллаштириш ишларида иштирок этаётганимиздан мамнунмиз. Биз нафақат жараёнларни ёритишда, балки ўзимиз ҳам фаол иштирокчи сифатида экотадбирларда қатнашмоқдамиз.  Шунингдек, аҳоли ўртасида табиатга эҳтиром, дарахт ва гул парвариши маданиятини тарғиб қилишда ҳам фаоллик кўрсатмоқдамиз.

Вилоятимизнинг Учқўрғон, Уйчи, Норин, Мингбулоқ, Янги Наманган, Давлатобод, Тўрақўрғон ва Чуст туманларида барпо этилаётган боғлар бу эзгу ҳаракатнинг кенг қулоч ёйганидан далолат беради. Бу жараёнда ёшлар, меҳнат жамоалари ва маҳалла аҳолиси ҳам фаол иштирок этмоқда.

 Жараёнга бизнинг  “Наманган ҳақиқати” таҳририятимиз ҳам  муносиб ҳисса қўшиб, ноёб дарахт кўчатлари экдик.  Шунингдек, тарғиботчи сифатида вилоятимизда яшил маконларни кўпайтириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни ёритиб келмоқдамиз.

2030 йилга қадар мамлакатимизда яшил ҳудудларни 30 фоизга етказиш ва ҳар бир фуқарога камида 10 квадрат метр яшил майдон тўғри келишини таъминлаш каби мақсадлар бу ҳаракатнинг нақадар улкан аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

 “Яшил макон” бугунги кунда оддий ташаббус эмас, балки умумхалқ ҳаракатига айланиб, юртимизда экологик маданиятни юксалтириш ва табиатни асрашга хизмат қилаётган муҳим омилга айланди.

Гулчеҳра Бувамирзаева,
“Наманган ҳақиқати” газетаси бўлим мудири,
Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзоси.