Қадр кечаси — минг ойдан афзал кеча

Рамазон ойининг энг улуғ ва баракали кечаларидан бири — Қадр кечасидир. Бу кеча ислом оламида беқиёс фазилатга эга бўлиб, Қуръони карим айнан шу муборак кечада нозил бўла бошлагани билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис мўмин-мусулмонлар бу тунни ибодат, дуо ва тавба билан ўтказишга интиладилар.

Қуръони каримда алоҳида “Қадр” сураси нозил қилиниб, ушбу кечанинг улуғлиги баён этилган. Унда таъкидланишича, Қадр кечаси минг ойдан афзалдир. Яъни бу кечада қилинган ибодат ва савобли амаллар узоқ йиллар давомида қилинган ибодатлардан ҳам кўпроқ савобга эга бўлиши мумкин.

Қадр кечасининг яна бир улуғ фазилати шундаки, бу кечада фаришталар ва Руҳ — Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг изни билан ер юзига тушадилар. Улар тинчлик ва раҳмат билан нозил бўлиб, тонг отгунигача бу муборак кеча саломатлик ва барака билан ўтади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

“Ким Қадр кечасини иймон ва савоб умидида ибодат билан ўтказса, унинг аввалги гуноҳлари кечирилади”.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У кечада фаришталар ва Руҳ Парвардигорларининг изни билан барча ишлар билан тушурлар. У кеча то тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси, 1–5-оятлар).

Тафсир манбаларида таъкидланишича, Аллоҳ таоло бирор нарсанинг қадри ва улуғлигини баён этмоқчи бўлганда Пайғамбарига “сен биласанми?” мазмунида хитоб қилади. Бу эса Қадр кечасининг нақадар улуғ ва шарафли эканини англатади.

Тафсир уламоларидан Абулқосим Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳ Қуръоннинг улуғланишини уч жиҳат билан изоҳлайди: аввалан, Қуръонни нозил этиш фақат Аллоҳ таолога нисбат берилган; иккинчидан, унинг улуғлиги номини очиқ айтмасдан ишора билан баён этилган; учинчидан эса Қуръон нозил бўлган вақт — Қадр кечасининг қадри юксак қилиб кўрсатилган.

Демак, Қадр кечаси — мўминлар учун улкан имконият ва раҳмат эшиклари кенг очиладиган муборак фурсатдир. Бу кечани ғофиллик билан эмас, балки ибодат, дуо ва эзгу амаллар билан ўтказиш ҳар бир мусулмон учун катта бахтдир.

Манбалар асосида Учқўрғон туманидаги
«Нурмуҳаммад бува» жоме масжиди имом хатиби
Зуҳриддин ТУРДИМАТОВ тайёрлади.