Рамазоннинг сўнгги кунлари — савоб эшиклари кенг очилган фурсат

Муборак Рамазон ойининг якунланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Бу кунлар мўмин-мусулмонлар учун ниҳоятда қадрли ва улуғ фурсатдир. Чунки Рамазон — нафақат рўза тутиш, балки қалбни поклаш, нафсни тарбиялаш, инсонийлик фазилатларини мустаҳкамлаш ойи. Шунинг учун ҳам бу муборак ойнинг сўнгги дамларини ғанимат билиб, ҳар бир лаҳзани эзгу амаллар билан безаш ҳар бир мўминнинг энг улуғ бурчларидан саналади.

Динимиз таълимотида инсоннинг комиллиги фақат ибодат билан эмас, балки унинг атрофдагиларга кўрсатган меҳр-муруввати, саховати ва инсонпарварлиги билан ҳам ўлчанади. Рамазон ойининг сўнгги кунлари ана шундай фазилатларни янада мустаҳкамлаш учун улкан имкониятдир. Бу дамларда қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва яқинлар ҳолидан хабар олиш, беморлар ва кексаларни зиёрат қилиш, эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзиш, муҳтож инсонларга хайр-эҳсон улашиш савобли амаллардан ҳисобланади.

Асрлар давомида халқимиз ҳаётида саховат, бағрикенглик ва меҳр-оқибат энг юксак қадриятлар сифатида эъзозлаб келинган. Айниқса, Рамазон ойида бу эзгу фазилатлар янада ёрқин намоён бўлади. Одамлар бир-бирига кўмак беради, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олинади, жамиятда ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлайди. Бундай хайрли амаллар нафақат алоҳида инсон қалбини, балки бутун жамият ҳаётини ҳам нурафшон этади.

Рамазоннинг сўнгги кунлари яна бир жиҳати билан ҳам ниҳоятда қадрли. Бу кунларда инсон ўз ўтган кунларига назар ташлаб, қалбини сарҳисоб қилади, қилган хатолари учун тавба қилади ва келажакда янада эзгу йўлдан юришга аҳд қилади. Ана шундай маънавий покланиш инсонни комиллик сари етаклайди.

Олдинда эса муборак ҳайит айёми турибди. Ҳайит — бу шукроналик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик байрамидир. Уни чин дилдан кутиб олиш учун Рамазоннинг сўнгги кунларини ҳам савобли амаллар, саховат ва инсонийлик билан безаш лозим. Қалбида пок ният, тилида шукр, амалларида яхшилик мужассам бўлган инсон ҳайитни ҳақиқий қувонч билан қарши олади.

Аллоҳ таоло тутган рўзаларимизни, қилган ибодатларимизни ва эзгу амалларимизни қабул айласин. Рамазоннинг қадрли дамларини ғанимат билиб, яхшилик, саховат ва меҳр-оқибат йўлида бардавом бўлиш барчамизга насиб этсин. Ана шунда ҳайит айёми ҳар бир хонадонга қувонч, барака ва файз олиб киради.

Нуруллоҳ Маҳкамов, 
Чуст тумани бош имом-хатиби.