Ҳар қандай ёмонлик, иллат, ёт ғоя ҳам инсонлар орасига шовқин-сурон билан кириб келмайди. У одатда, майда, кўзга унчалик ташланмайдиган, «ҳеч гап эмас» деб қўл силтаб қўйилса ҳам бўлаверадиган ҳолатдан бошланади. Кейин эса бу ҳол секин-аста одатга, одат – эҳтиёжга, эҳтиёж – тобеликка айланади.
Бугун шаҳару қишлоқлардаги мактаблар атрофида пайдо бўлаётган ва тобора кўпайиб бораётган «қисқичли автомат ўйини» аслида «Prize crane machine» деб аталади. Бу қурилма беозор кўринади, аммо аслида у оқибати жиддий бўлиши мумкин бўлган иллат. У бола онгини, шуурини, ҳаёти ва келажакка қарашини салбий томонга ўзгартириб юбориш учун мўлжалланган.
Бир қарашда бу қурилма болалар учун мўлжалланган оддий автомат ўйиндек туюлади: шаффоф қути ичида бир талай юмшоқ ўйинчоқлар, юқорида ҳаракатланувчи темир «қисқич», пастда эса таниш жаранг – танганинг тушишидек товуш…
Аммо бу ўйин эмас, бу жараён ортида бола психологиясига таъсир қилувчи жуда катта хавф яширин!
«Яна бир марта…» деган ўйдан бошланадиган тобелик
Қурилманинг ишлаш тизими тасодифга асосланган. Қисқич баъзан маҳкам ушлайди, баъзан эса охирги лаҳзада қўйиб юборади. Шу ноаниқлик бола онгида кучли қизиқиш ва умидни уйғотади. «Ҳозир чиқай деди-ку», «кейингисида аниқ илинади» деган фикрлар уни яна қаттиқроқ уринишга ундайди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, айнан шундай ўзгарувчан мукофот механизми инсон миясида кучли эмоционал қўзғалишни уйғотади. Зотан, ҳар бир мағлубият умидни ўчирмайди, аксинча уни янада кучайтиради. Боланинг руҳий дунёсида кутилмаган ютуқ ҳисси ҳаддан зиёд қимматли аҳамиятга айлана бошлайди. Шу тариқа оддий ўйин секин-аста руҳий боғлиқликка айланади.
Бу ҳолатни айрим психологлар болалардаги илк қимор психологиясининг шаклланиши сифатида баҳолайди. Чунки бола меҳнат орқали эмас, балки таваккал ва тасодиф орқали ютуққа эришиш мумкинлигига тобора қаттиқ ишона бошлайди.
Бундай ўйинларга қарамлик, табиийки, психологик патологияларни келтириб чиқаради. Аввалига ўйинчи соғлом одамлардан фарқ қилмайди, кейинроқ у жуда таъсирчан бўлиб қолади. Бу доимий руҳий бузилишга олиб келади. Ўз-ўзини назорат қила олмаслик ва ўзига нисбатан танқидий фикрлашнинг ўзгариши шахснинг емирилишига олиб келади. Ахлоқий қадриятларни йўқотиш ғазаб ҳолатига, руҳий сиқилишларга сабаб бўлади. Чунки биз сўз юритаётган ўйин миядаги муайян завқланиш марказларини рағбатлантиришга асосланган.
Яна аниқроқ айтганда, ўйинга бўлган қарамлик асаб тизимининг бузилишига олиб келади, мияга қўзғатувчи импульслар келиши таъсирида, болада тушкунлик, хавотирнинг кучайиши кузатилади, жамиятга мослашиш бузилади. Кўпинча ютқазиш натижасида болада ўзидан норозилик ҳисси пайдо бўлиб, бу борган сари кучайиб бораверади.
Боладаги ўз-ўзини назорат қилиш қобилиятини йўқота бошлайди. Вақт ўтиши билан ўқишга қизиқиш сусаяди. Дарс пайтида ҳам фикри ўша автомат атрофида айланади. Бу ҳолат диққат парокандалиги, асабийлик, тушкунлик каби оқибатларга олиб келади. Энг ёмони, бола осон ютуқ орзуси билан яшашга ўрганади.
Тушлик пулидан ўғирликкача…
Дастлабки маблағ – ота-она берган тушлик пули. Бола уни бир марта сарфлайди. Кейин яна. Кейин эса бу одатга айланади. Овқат ўрнига «яна бир уриниш» танланади. Пул тугаганда эса савол туғилади: навбатдаги уриниш учун маблағни қаердан олиш мумкин? Шу нуқтада масала оддий ўйин доирасидан чиқиб кетади. Ёлғон гапириш, пул сўрашга баҳона топиш, ҳатто ўғирликкача бориш ҳолатлари кузатилади. Катта жиноят айнан шу каби майда, арзимас қадамлардан бошланади.
Жамиятдаги кўпгина оғир ҳолатлар илдизи ҳам шундай беозор кўринган одатлардан бошланган. Бугун «қисқич» учун сарфланган танга эртага каттароқ хавфли муҳитга қадам ташланишига сабаб бўлиши мумкин.
Бефарқлик – илдиздаги муаммо
Муаммонинг яна бир жиҳати бор: жамиятнинг бефарқлиги. Кўпинча катталар бу ҳолатга «болалар ўйнаяпти-да», деган муносабат билан қарайди. Аммо ҳар қандай иллатга нисбатан бефарқлик унинг илдиз отишига шароит яратади.
Фарзанд тарбияси фақат таълим муассасаси зиммасида эмас. У аввало, оила масъулияти. Боланинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, унинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, спорт ва ижодга йўналтириш бу профилактиканинг энг самарали йўлидир. Агар бола ўз ютуғини меҳнат орқали ҳис қилса, унинг қадрини англайди. Агар у муваффақиятга интилишни билим ва машаққат билан боғласа, тасодифга эмас, ҳаракатга ишонадиган шахс бўлиб камол топади.
Жамият олдидаги вазифа
Масала фақат битта қурилма ҳақида эмас. Гап келажак авлоднинг онги ва қадриятлари ҳақида. Мактаб атрофида шундай механизмларнинг жойлашуви устидан назорат кучайтирилиши зарур. Жамоатчилик муҳокамаси, ҳуқуқий чоралар ва тарғибот ишлари бир вақтнинг ўзида амалга оширилмаса, муаммо чуқурлашаверади. Ёшларимиз осон ютуқ эмас, ҳалол меҳнат завқини татиб кўриши керак. Улар таваккалга эмас, билимга суяниши керак. Чунки келажакни қуришда омад эмас, балки қалб ва ақл ҳал қилувчи омилдир.
Бугун биз бефарқ бўлсак, эртага кеч бўлиши мумкин. Арзимас кўринган ўйин ортида катта руҳий ва ижтимоий хавф ётганини англаш вақти келди. Болаликни темир қисқичга эмас, меҳр ва тарбия қучоғига топшириш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Санжарбек ҲАМИДОВ.
