Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини изчил ислоҳ қилиш, аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бирига айланди. Айниқса, юрак қон-томир касалликларини барвақт аниқлаш, самарали даволаш ва реабилитация хизматларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар кўлами ва натижалари эътироф этишга арзигулик.
Қувонарлиси, вилоятимизда ҳам бу борада амалий саъй-ҳаракатлар янги босқичга кўтарилган. Республика кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалининг “Ҳамза” филиалини тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилгани фикримиз далилидир.
Дарвоқе, бир неча йил давомида капитал таъмирга муҳтож бўлиб қолган мазкур муассаса 2025 йилда вилоят ҳокимлиги ташаббуси ҳамда Президент қарорига мувофиқ тўлиқ реконструкция қилинди. Натижада шифохонанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, тиббий хизмат кўрсатиш сифати янги босқичга кўтарилди.
Қурилиш ва таъмирлаш ишлари «Меҳнат нури» МЧЖ томонидан амалга оширилди. Лойиҳани амалга ошириш учун давлат бюджетидан қарийб 8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Натижада бино ва иншоотлар мукаммал таъмирдан чиқарилиб, даволаш хоналари ҳамда ёрдамчи бўлимлар замонавий талабларга мос равишда қайта жиҳозланди. Беморлар учун қулай, замонавий ва хавфсиз муҳит яратилди.
Бу ерда юрак хуружи ва юрак етишмовчилиги билан оғриган беморлар саломатлигини тиклаш жараёнига алоҳида эътибор қаратилади. Эндиликда шифохонада даволаш физкультураси (ЛФК) ҳам йўлга қўйилиб, бунинг учун махсус жиҳозланган спорт заллари фаолияти ташкил этилди. Бу эса беморларнинг соғайиш жараёнини янада тезлаштириб, уларни тезроқ фаол ҳаётга қайтишларига катта ёрдам беради.
Ҳудудда, табиийки, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари ҳам амалга оширилди. Ички йўллар ва пиёдалар йўлаклари асфальтланди, ташқи ҳудуд замонавий меъморий ечимлар асосида қайта тартибга келтирилди. Қўшимча автотураргоҳ барпо этилиб, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, жумладан, канализация тизими тўлиқ янгиланди. Атроф-муҳитни янада обод қилиш мақсадида ҳомийлар кўмагида кўплаб мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Мавжуд каштан, арча ва бошқа манзарали ўсимликлар тартибга келтирилди, парваришига алоҳида эътибор қаратилди. Бугун бу яшиллик шифохона ҳудудига файз бағишлаб, беморлар учун сўлим, саломатлик учун фойдали ва тинч-осойишта муҳитни юзага келтирмоқда.
Шу тариқа 80 ўринли мазкур шифохона нафақат даволаш, балки комплекс реабилитация хизматларини кўрсатувчи замонавий тиббиёт масканига айланди. Яратилган шарт-шароитлар ва, энг муҳими, даволаш самарадорлиги энг замонавий даволаш муассасалари билан беллаша олади.
Бир сўз билан айтганда, тубдан янгиланган ва фойдаланишга топширилган мазкур муассаса оддий қурилиш-бунёдкорлик лойиҳаси эмас, у – инсон саломатлигини асраш йўлида амалга оширилган аниқ ва манзилли қадам, кўплаб юракларга умид ва ишонч бахш этадиган эзгу ташаббусдир!
Санжарбек ҲАМИДОВ.
