Инфаркт ва инсултнинг олдини олиш бўйича миллий дастур жорий этилади

«Ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини такомиллаштириш» йўналишидаги ташаббусларга кўра, миллий дастур 2026 йил 1 майдан авваламбор Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида йўлга қўйилади. Кейинги босқичда, 1 октябрдан дастур Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларига кенгайтирилади. 2027 йилдан эса уни бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш кўзда тутилга.

Миллий дастур доирасида қуйидаги муҳим йўналишлар белгиланган:

▪️30 ёшдан ошган аҳоли ўртасида йиллик скрининг ва мақсадли тиббий текширувлар: аҳоли орасида йилига камида бир марта сўров (survey) ўтказиш ва натижаларга кўра хавф гуруҳларида мақсадли кўрикларни ташкил этиш;

▪️шошилинч тиббий ёрдамни “олтин соат” тамойили асосида кучайтириш: халқаро стандартларга мувофиқ инфаркт ва инсульт каби ҳолатларда тезкор ёрдам кўрсатиш вақти бўйича тартиб-қоидаларни жорий этиш;

▪️клиник маршрутлар (clinical pathways) ва шошилинч ёрдам алгоритмлари: беморларни қабул қилишдан тортиб даволашгача бўлган жараёнларни стандартлаштириш ва амалиётга киритиш;

▪️тез ёрдам бригадаларини рақамли ускуналар билан жиҳозлаш: телеметрик электрокардиограф ва мониторли дефибрилляторлар, шунингдек, ЭКГ натижаларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш ва реал вақтда узатиш имкониятини яратиш;

▪️стационарларда рақамли йўл хариталари ва AI-диагностика: инсульт диагностикасида сунъий интеллект элементларини қўллаш, бемор “йўналиши”ни рақамлаштириш, зарур дори воситалари ва материаллар билан таъминлаш.

Расмий маълумотларга кўра, дастурни молиялаштириш учун 2026 йилда 239 млрд сўм, 2027 йилдан бошлаб ҳар йили 280 млрд сўм ажратилиши қайд этилган.