Инфаркт ва инсультда ҳар бир дақиқа аҳамиятли

Наманган вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш, уларни барвақт аниқлаш, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ва даволаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қарори ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда республика ва вилоят оммавий ахборот воситалари вакиллари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари бош шифокорлари, вилоятдаги шифохоналар раҳбарлари иштирок этди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эркинов қарорда белгиланган вазифалар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳамда Наманган вилоятида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Инфаркт ва инсультда вақтни бой бериш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис янги ёндашув касаллик пайдо бўлгандан кейинги даволаш билан чекланмай, хавф омилларини эрта аниқлашдан бошланади. «Инфаркт ва инсультга қарши курашиш» миллий дастури 2026 йил 1 майдан Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида, 1 октябрдан эса Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жорий этилади. 2027 йилдан дастурни бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич татбиқ этиш белгиланган.
Профилактикада 30 ёшдан ошган аҳолига алоҳида эътибор қаратилади. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида фуқаролар инфаркт ва инсульт хавф омиллари бўйича текширилади. Қон босими, қондаги қанд ва холестерин миқдори каби кўрсаткичлар назорат қилинади. Хавф гуруҳига кирувчи шахслар электрон реестрга олиниб, уларнинг ҳолатидан келиб чиқиб соғломлаштириш чоралари белгиланади.
Касалликларнинг олдини олишда аҳоли хабардорлиги ҳам катта аҳамият касб этади. Инфаркт ва инсультнинг дастлабки белгилари, бундай вазиятда биринчи навбатда қандай ҳаракат қилиш ва тез тиббий ёрдамга мурожаат этиш зарурлиги ҳақида тушунтириш ишлари кучайтирилади. Инсульт аломатларини тез танишга ўргатувчи FAST алгоритми асосида таълим муассасаларида машғулотлар ўтказилиши ҳам белгиланган.
Шошилинч тиббий ёрдамда эса «олтин соат» тамойили устувор бўлади. Беморни аниқлашдан тортиб, уни ихтисослаштирилган муассасага етказишгача бўлган жараёнлар ягона клиник маршрутлар асосида ташкил этилади. Тез тиббий ёрдам бригадалари телеметрик электрокардиографлар — Т-ЭКГ ва мониторли дефибрилляторлар билан жиҳозланади. ЭКГ натижаларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш, тез ёрдам бригадаси ва шифохона ўртасида реал вақтда маълумот алмашиш имконияти яратилади.
Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон томир касалликлари марказларида 24 соат ишлайдиган инфаркт ва инсульт бригадалари фаолияти йўлга қўйилади. Тромб эритувчи дори воситалари, стентлаш ва инсультда қон томир жарроҳлиги учун зарур сарфлов материаллари билан таъминлаш масаласи ҳам тизимли ҳал этилади.
Рақамли технологиялардан фойдаланиш тиббий ёрдамнинг тезкорлигини оширади. «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимида касалликка чалинганлар ва хавф гуруҳига кирувчи аҳоли бўйича электрон реестр юритилади. Инсульт диагностикасида сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, тез тиббий ёрдам, ҳудудий шифохоналар ва республика тиббиёт марказлари ўртасида телетиббиёт алоқасини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Янги тизимнинг яна бир муҳим бўғини — тиббиёт ходимларининг амалий тайёргарлиги. Оилавий шифокорлар ва ҳамширалар, тез тиббий ёрдам бригадалари, туман ва вилоят шифохоналари мутахассислари учун инфаркт ва инсультни эрта аниқлаш, диагностика қилиш, тромболитик муолажаларни ўтказиш ҳамда шошилинч ёрдам кўрсатиш бўйича ўқувлар ташкил этилади. Хорижий мутахассислар иштирокида малака ошириш ва қайта тайёрлаш ишлари ҳам йўлга қўйилади.
Республика бўйича миллий дастурни амалга ошириш учун салмоқли маблағ ажратилади. 2026 йилда ушбу мақсадлар учун 240,5 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланган. Шундан 16 миллиард сўм тромб эритувчи дори воситаларига, 7,5 миллиард сўм инсульт диагностикаси учун зарур воситаларга, 82 миллиард сўм стентлаш ва инсультда қон томир жарроҳлиги учун дори ҳамда сарфлов материалларига, 135 миллиард сўм тез тиббий ёрдам бригадаларини Т-ЭКГ ва мониторли дефибрилляторлар билан жиҳозлашга сарфланади. 2027 йилдан бошлаб ҳар йили Давлат бюджетида Миллий дастур тадбирларини молиялаштириш учун камида 280 миллиард сўм режалаштирилади.
Белгиланган чоралар натижаси ҳам аниқ кўрсаткичлар билан баҳоланади. 2030 йилга қадар инфаркт ва инсультдан госпитал ўлимни 40 фоизга, шифохонагача бўлган ўлимни 30 фоизга, касалликдан кейинги ногиронликни 30 фоизга қисқартириш мақсад қилинган. «Олтин соат»да шошилинч ёрдам кўрсатиш қамровини ўткир коронар синдромда 90 фоизга, ишемик инсультда 20 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.
Наманган вилоятида ҳам мазкур вазифаларни босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этиш, аҳоли ўртасида профилактик ишларни кучайтириш, тиббий хизматнинг шошилинч ва ихтисослаштирилган бўғинлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ишлар давом эттирилади.
Анжуман якунида журналистлар соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, мутасаддилар ва тиббиёт мутахассисларидан батафсил жавоблар олдилар.

Санжарбек ҲАМИДОВ