Наманганда илк бор жигар трансплантацияси амалга оширилди

Наманган вилоятида илк бор жигар трансплантацияси операцияси ўтказилди. 11 соатдан ортиқроқ вақт давом этган мураккаб жарроҳлик амалиёти Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган вилояти филиалида Миллий тиббиёт маркази трансплантология бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Аъзамжон Бабажонов бошчилигидаги мутахассислар иштирокида бажарилди.
Учқўрғон туманида яшовчи 40 ёшли беморга жигар циррозининг декомпенсация босқичи ташхиси қўйилган бўлиб, унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун жигар трансплантацияси зарур эди. Операция давомида беморнинг синглиси жигарининг бир қисмини донор сифатида тақдим этди.
Жигар трансплантацияси қон томирлари ва ўт йўлларини юқори аниқликда бирлаштириш, беморнинг ҳаётий кўрсаткичларини узлуксиз кузатиб бориш ҳамда операциядан кейинги махсус тиббий парваришни талаб этадиган мураккаб жарроҳлик амалиёти ҳисобланади. Уни ўтказишда жарроҳлар билан бир қаторда анестезиолог-реаниматологлар ва бошқа соҳа мутахассисларининг ҳам иштироки муҳим аҳамиятга эга.
Марказ директори Солижон Мўминовнинг таъкидлашича, филиалда бундай мураккаб амалиётларни ўтказиш учун зарур тиббий ускуналар ва шароитлар мавжуд.
Дарҳақиқат, мазкур филиалдаги мавжуд имкониятлар шунчалар кенгки, шу боис вилоятда 2019 йилда илк бор буйрак трансплантацияси операцияси ҳам мана шу марказда амалга оширилган эди. Бу ердаги ҳар томонлама такомиллашув жараёнларини водийдаги бошқа марказлар билан таққослаб бўлмайди.
Эътиборли жиҳати, катта маблағ талаб этадиган жигар кўчириб ўтқазиш операцияси «Вақф» фонди маблағлари ҳисобидан бемор учун бепул амалга оширилди.
Наманганда жигар трансплантациясининг илк бор ўтказилиши вилоят тиббиётида юқори технологик жарроҳлик амалиётларини маҳаллий шароитда бажариш имкониятлари кенгаяётганини кўрсатади. Бу каби операцияларда малакали мутахассислар, зарур тиббий инфратузилма ва донорликка розилик билдирган инсоннинг иштироки ҳал қилувчи аҳамият касб этади.