Тўрақўрғон туманидаги Косонсой соҳилида замонавий сайилгоҳ ва туризм-сервис объектларини ташкил этиш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида саломатлик йўлакчаси, кўприклар, савдо ва овқатланиш масканлари, спорт майдончалари ҳамда оилавий дам олиш ҳудудлари барпо этилади.
Наманган туристик-рекреацион ҳудудларини ривожлантириш дирекцияси маълумотига кўра, лойиҳа туманнинг «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида, Косонсой бўйида амалга оширилади. «СОЙ БЎЙИ» концепцияси асосида деҳқон бозори яқинидан шимолда жойлашган автомобиль кўпригигача узунлиги 2 километр 673 метр бўлган саломатлик йўлакчаси қурилади. Шунингдек, сойнинг ўнг қирғоғидаги маҳаллалар аҳолиси сайилгоҳга пиёда қатнаши учун бешта кўприк барпо этиш кўзда тутилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, сайилгоҳ тўлиқ ишга тушгач, 300 та доимий иш ўрни яратилади. Шундан 266 таси савдо, умумий овқатланиш, спорт ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларида, 34 таси эса ҳудудни бошқариш ва ободонлаштириш ишларида ташкил этилади. Бундан ташқари, ёз мавсумида қарийб 150 нафар фуқарони мавсумий иш билан таъминлаш режалаштирилган.
Ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун электрон аукцион орқали 20 дан ортиқ лот таклиф этиш бошланган. Савдолар якунида лотларни қўлга киритган тадбиркорлар сони маълум бўлади. Лойиҳада маҳаллий ҳунармандлар ўз маҳсулотларини сотиши учун савдо расталари, миллий таомлар ошхоналари ва очиқ айвонли кафелар учун жойлар ажратилган. Шунингдек, болалар аквапарки, очиқ амфитеатр ва спорт майдончаларини ташкил этиш режалаштирилган.
Лойиҳанинг дастлабки умумий қиймати 144,7 миллиард сўмни ташкил этади. Шундан 48 миллиард сўм давлат маблағлари ҳисобидан кўприклар, йўлаклар ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини барпо этишга, 96,7 миллиард сўм эса хусусий инвестициялар ҳисобига йўналтирилиши кўзда тутилган.
Қурилиш ва ободонлаштириш ишларини 2026–2029 йилларда уч босқичда амалга ошириш режалаштирилган. Лойиҳа натижасида Косонсой соҳилида аҳоли ва сайёҳлар учун замонавий дам олиш маскани ташкил этиш, туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилган.
