Бугуннинг гапи
Биз ишлаб пул топишдан мақсадимизни кўпинча уй-жой, тўйлар билан боғлаймиз. Бу йўлда соғлигимиздаги муаммоларни ҳам сезмаймиз, ҳатто. Одамларникига ўхшаган уй-жойни қуриб олсак, одамларга манзур бўладиган тўйлар қилсак, орзуларимиз ушалгани шу…
Тўй – аслида қувончли ҳодиса. Никоҳнинг эълон қилиниши, яқинларнинг жам бўлиши, ёш оилага эзгу тилаклар билдирилиши ҳам – яхши ва гўзал анъана. Динимиз инсоннинг ҳалол қувончига қарши эмас. Аммо ҳар қандай неъмат каби бу хурсандчиликни нишонлашда ҳам меъёр бўлиши керак.
Дабдаба ва исроф айнан шу меъёр йўқолган жойдан бошланади. Инсоннинг меҳмон кутиши, дастурхон ёзиши, имконига яраша тўй қилиши бошқа масала. Фақат молу давлатини кўз-кўз қилиш, бошқалардан ўзиб кетиш, ўзини устун кўрсатиш учун меъёрдан ортиқча сарф, дабдабани асло оқлаб бўлмайди. Бу исрофдир.
Қуръони каримнинг Аъроф сураси 31-оятида: «Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар. Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди», деб марҳамат қилинади. Бунинг замирида жуда чуқур моҳият мавжуд. Яъни, инсон неъматлардан фойдаланиши мумкин, лекин ундан фойдаланиш билан уни беҳуда совуриш ўртасидаги фарқни унутмаслиги керак. Тўйда ҳам худди шундай. Бирор кишининг ўз имкониятидан ошиб, фақат “фалончидан кам бўлмаслигим керак” деб, харажат қилса, бу зулмдир. Ўзига ва оила аъзоларига қилинган зулм.
Менимча, исрофнинг энг хавфли томони сарфланган пулнинг кўплигида эмас, инсоннинг меъёрни йўқотиб қўйишидадир. Чунки меъёр бир марта бузилса, кейинги сафар ундан ҳам каттароқ нарсани одатий деб қабул қилиш бошланади. Тўй бир кунлик. Аммо ўша бир куннинг ортиқча харажати оилага йиллар давомида таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун тўйнинг безаги дабдаба эмас, барака бўлиши керак.
Биз тан олайлик, “Эл қатори бўлайлик”, “Одамлар нима дейди?” деган қарашларга ёпишиб олганмиз. Айнан мана шу қараш инсонни имкониятидан ортиқ харажатга, ҳатто қарзга ҳам ботиряпти. Бир кунлик тўй учун йиллар давомида қарз тўлаш ақлсизлик эмасми?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳиҳ ҳадисларида ҳам валима қилиш тарғиб қилинган, лекин унинг учун инсонни оғир аҳволга соладиган дабдаба талаб қилинмаган. Жумладан, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга никоҳидан сўнг “Бир қўй билан бўлса ҳам валима қил” деган мазмундаги ҳадис Саҳиҳ Муслимда ривоят қилинган.
Бу ерда жуда катта ибрат бор: тўй қилиш учун албатта, бойликни намойиш қилиш шарт эмас. Қувончни баҳам кўриш мумкин, меҳмон кутиш мумкин, лекин буни инсон ўзини қарз ва ташвишга ботирмаган ҳолда ҳам амалга ошириши мумкин.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда ҳам никоҳи энг баракали бўлган аёлнинг маҳр ва харажат жиҳатидан енгилроқ бўлгани мазмунидаги ривоят келтирилади. Бу ривоят бизга бир нарсани англатади: барака ҳар доим кўплик ва катталик билан ўлчанмайди.
Ихчам тўй дегани меҳмонни ҳурмат қилмаслик дегани эмас. Ихчамлик – меъёрни билиш. Меҳмонни иззат қилиш бошқа, ўзини қийнаб қўйиш бошқа. Фарзанднинг тўйини кўриш ота-она учун катта бахт. Лекин фарзандга бериладиган энг катта яхшилик фақат бир кунлик дабдаба эмас. Унинг тўйидан кейинги ҳаётини хотиржам бошлаш имконини бериш ҳам ота-онанинг меҳридир. Шунинг учун “тўй бир марта бўлади” деган гапни фақат харажатни кўпайтириш учун эмас, унинг масъулиятини чуқурроқ англаш учун айтишимиз керак.
Бугун бир оиланинг дабдабаси эртага бошқасига мезон бўлиб, тўйлар гўё кўринмас мусобақага айланаётгандек. Биз тўйнинг катталигига эмас, баракасига баҳо беришни ўрганишимиз керак. Бунинг учун, аввало, тўйга бўлган қарашимизни ўзгартиришимиз керак. Афсуски, баъзан тўй ҳақида гап кетганда, ёшларнинг келажагидан кўра маросимнинг ташқи кўринишига кўпроқ эътибор берамиз. Неча киши келди? Қайси санъаткор хизмат қилди? Қандай безак бўлди? Дастурхонда нималар бор эди? Тўй қанчалик ҳашаматли ўтди? Лекин энг муҳим савол бошқа: икки ёшнинг ҳаёти қандай бошланяпти?
Бир оиланинг катта тўйи бошқасига ҳам «шундай қилиш керак» деган босимни юзага келтириши мумкин. Ортидан ундан кейинги оила янада каттароқ қилишга интилади. Шундай қилиб, тўй қувончдан мусобақага, мусобақа эса исрофга айланиб боради. Бунинг оғир томони шундаки, жамиятдаги барча оилаларнинг имконияти бир хил эмас. Кимдир катта харажатни кўтара олади, бошқа бир оила эса элдан қолмаслик учун йиллар давомида йиққан маблағини сарфлайди ёки қарз олади. Шу сабабли дабдабабозликни камайтириш фақат тўй эгасининг вазифаси эмас. Жамиятнинг унга берган баҳоси ҳам муҳим.
Оддийроқ тўй қилган хонадонни “имконияти етмабди” деб баҳолашни тўхтатсак, кўп нарса ўзгаради. Аксинча, имкониятига яраша, исрофсиз ва мазмунли тўй қилган оилани ҳурмат қилишни ўргансак, меъёрнинг ўзи қадриятга айланади. Ахир тўйнинг катталиги билан оиланинг бахти ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик йўқ. Катта тўй катта бахтнинг кафолати эмас. Ҳашаматли дастурхон ҳам оилавий тотувликни таъминламайди. Икки ёшнинг ҳақиқий ҳаёти шундан кейин бошланади. Уларда рўзғор, меҳнат, масъулият, фарзанд тарбияси ва келажакдаги орзулар туради.
Шундай экан, биз тўйда бир кунлик кўринишни эмас, бир умрга етадиган баракани излашимиз керак. Балки бугун ўзимизга “Тўйимиз қанчалик катта бўлди?” деган саволдан кўра, “Тўйимиз қанчалик мазмунли ва баракали бўлди?” деган саволни бериш вақти келди. Тўй ўзидан кейинги ҳаётга ташвиш эмас, барака келтирсин.
Мусохон АББОСИДДИНОВ,
Наманган шаҳридаги “Боқи Полвон” жоме масжиди имом-хатиби.
