Косонсойда янги автодром иш бошлади, ўқув муассасаларига 21 та автомобиль топширилди

«Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгаши тасарруфидаги Косонсой тумани ўқув-спорт техника марказида замонавий ўқув автодроми фойдаланишга топширилди.

Тантанали очилиш маросимида «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров, туман ҳокими Дилмурод Қодиров ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида вилоят кенгаши тасарруфидаги ўқув муассасаларига янги харид қилинган 12 та «Onix», 6 та «KIA Sonet», 2 та «Foton» ва 1 та «VUM» русумли транспорт воситаси топширилди.

Мазкур автомобиллардан «B» ва «BC» тоифалари бўйича ҳайдовчилик курсларида таҳсил олаётган фуқароларнинг амалий машғулотларида фойдаланилади. Янги автодром ва транспорт воситалари ҳайдовчиларни амалий тайёрлаш учун қўшимча имконият яратади.