Ўзбекистонда билимли ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор ва стратегик йўналишларидан бири ҳисобланади. Негаки, учинчи Ренессанс даври пойдевори ва барқарорлиги айнан кенг тафаккурли ва билимли ёшларнинг салоҳиятига боғлиқдир.
Бугун мамлакатимизда ўз билими, изланувчанлиги, тиришқоқлиги билан алоҳида эътирофга лойиқ ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Ўзбекистондаги энг нуфузли олийгоҳлардан бири бўлган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг халқаро ҳуқуқ йўналиши магистранти Дилшода Файзулложонова – ана шундай иқтидорли ва салоҳиятли ёшлардан.
Дилшода 2004 йилда Наманган вилоятининг Косонсой туманида туғилган. Дастлаб у бошланғич синфни ушбу тумандаги 5-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқиган. Таълим рус тилида олиб бориладиган мазур мактабда Дилшода энг аълочи ва намунали ўқувчи сифатида алоҳида ўрнак кўрсатган. Математика ва инглиз тилига бўлган юксак қизиқиш туфайли ота- онаси уни аниқ ва хорижий фанларга ихтисослаштирилган мактабга йўналтиришади. Мазкур мактаб Дилшоданинг ҳаётида алоҳида аҳамият касб этди: у худди шу даргоҳда келажакда ўзининг жамият тараққиётига қандай фаолият орқали ҳисса қўшиши мумкинлигини аниқ белгилаб олган эди.
Билимларини янада ривожлантириш мақсадида Дилшода Наманган шаҳрида жойлашган 18-сонли ДИМИда таълимни давом эттириш баробарида ўз иқтидорини туман, вилоят миқёсидаги турли фан олимпиадаларида намоён этди.
Қаҳрамонимиз 2021 йилда Тошкент давлат юридик университетининг “Халқаро ҳуқуқ” йўналишига энг юқори балл билан талабаликка қабул қилинди. Тўрт йиллик ОТМ таълимидан сўнг бакалавр даражасига эга бўлгач, таълимни 2025-2026 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг худди шу йўналишидамагистратура босқичида давом эттирди. Айни пайтда у мазкур нуфузли даргоҳнинг энг иқтидорли ва билимли битирувчи магистранти.
Дилшода – жуда қизиқувчан, изланувчан, янгиликка интилувчан қиз. Ёш бўлишига қарамай, у халқаро форум, минтақавий конференциялар, ёш олимлар семинарларида маърузачи сифатида қатнашиб келмоқда. У рус, инглиз, француз тилларида бемалол гаплаша олади.
Дарвоқе, Дилшоданинг айни пайтда IELTS бўйича
7 даражаси бор. Хорижий тилларни мукаммал билиши, бакалавриат, магистратурада олган билимлари туфайли халқаро нашрларда мақолалари чоп этиляпти ва у тадқиқотлар муаллифига айланган. Бу каби изланишлариҳозиргача хорижий мамлакатлар экспертлари томонидан юксак эътирофга сазовор бўлди: “Arkansas school of lawcertificate” (Arkanzas таълим ҳуқуқи бўйича сертификат), Central Asian Academic Research, (Марказий Осиё илмий тадқиқотлари маркази), “Journal of intellectual property and human rights” (“Интеллектуал мулк ва инсон ҳуқуқлари” журнали) томонидан билдирилган эътирофлар, тадқиқотлари, баҳсли мақолалари ҳамда халқаро сертификатлари фикримиз исботидир.
Ўзбекистонда бугунги ёшлар сиёсати аниқ молиявий, ижтимоий ва ҳуқуқий асосга эга тизимдир. Бундан кўзланган мақсад, билимли ва кенг салоҳиятли ёшларни қўллаб-қувватлаш орқали уларни давлатнинг эртанги тараққиётини ҳаракатга келтирувчи, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишга рағбатлантирувчи асосий кучга айлантиришдир.
Бир сўз билан айтганда, илм туғини тутган Дилшода Файзулложонова аллақачон катта йўл бўсағасида. Илм йўлидаги изланишларинг бардавом бўлсин, Дилшода!
Мастура Зулфиқорова,
олий тоифали инглиз тили фани ўқитувчиси,журналист.
