Наманганда «AIBO» — халқаро олимпиада бошланди
Бу олимпиада Ўзбекистонда ўтказилаётган кўплаб нуфузли халқаро фан мусобақаларидан бири сифатида мамлакатимизнинг таълим соҳасидаги халқаро нуфузини оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу II Абу Али ибн Сино халқаро биология олимпиадасининг очилиши бағишланган тантанали маросимда олимлар ва халқаро экспертлар, вилоятдаги давлат ва хусусий олий таълим муассасаларининг ректорлари ҳамда профессор-ўқитувчилари, ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар ва унда мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан соғлом, руҳан тетик, ақлан баркамол этиб тарбиялашга қаратилаётган катта эътибор ва бунинг самаралари яна бир бор таъкидланди.

— Президентимиз таъкидлаганларидек, бугун мамлакатимизда учинчи ренессансга пойдевор қўйилмоқда ва бу мақсадга эришишда ҳал қилувчи куч билимли ва замонавий фикрлайдиган ёшлардир, — дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Севара Шокирова. — Ушбу олимпиададан кўзда тутилган мақсад ана шундай иқтидорларни кашф этиш ва уларни қўллаб ёшларнинг биология фанидан билим ва кўникмаларини ошириш, халқаро қувватлаш билан биргаликда халқаро тажриба алмашишдир.

Наманган шаҳридаги «Туран» университетида бўлиб ўтадиган олимпиада мамлакатимиздан ва Туркия, Таиланд, Малайзия, Россия, Озарбайжон, Беларусь, Мўғулистон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистон давлатларидан юз нафарга яқин нафар иқтидорли ўқувчилар биология фани бўйича билимлар синовида ўзаро куч синашади.

Бу олимпиада Ўзбекистонда ўтказилаётган кўплаб нуфузли халқаро фан мусобақаларидан бири сифатида мамлакатимизнинг таълим соҳасидаги халқаро нуфузини оширишга хизмат қилади.

Акрамжон Сатторов, «Халқ сўзи».