Қаҳрамон шоирнинг барҳаёт умри

Наманган давлат педагогика институти ректори Баҳодир Ҳусанов ташаббуси билан давомли ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар доирасида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан “Абдулла Орипов – миллат шоири” деб номланган илмий-бадиий анжуман ўтказилди.

Мазкур тадбирда адабиётшунос олимлар, ижодкор ёшлар, Ижтимоий фанлар факултети Ўзбек тили ва адабиёти йўналиши 3-курс талабалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Анжуманни институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Алишер Исақбоев ўзининг қизиқарли ва баҳсталаб маърузаси билан очиб берди ва анжуман ишига омад тилади. Ижтимоий фанлар факултети декани Саидакабар Муталовнинг маърузасини талабалар қизиқиш билан тингладилар. Филология кафедраси  мудири Райҳона Тиллаева “Мактабда Абдулла Орипов ижодини ўқитишдаги самарали методлар” хусусида мулоҳаза юритди. Тадбир давомида Абдулла Ориповнинг ўзбек адабиётидаги беқиёс ўрни, унинг шеъриятидаги миллий руҳ, ватанпарварлик, инсонийлик ғоялари юксак бадиий маҳорат билан ифодалангани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Филология кафедраси катта ўқитувчиси Матлуба Улканбоеванинг “Шоирнинг “севгили эркаси” теграсидаги ўйлар” деб номланган маърузаси тадбир иштирокчиларида алоҳида қизиқиш ва ҳайрат уйғотди.

Анжуманнинг мушоира қисмида эса иштирокчилар шоир қаламига мансуб шеърларни ифодали ўқиб бердилар, унинг ижодидан илҳомланган ҳолда ёзилган янги асарлар ҳам тақдим этилди. Тадбир давомида ёш ижодкорларнинг чиқишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Анжуман якунида Абдулла Орипов ижодини ўрганиш ва тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида адабиётга муҳаббатни янада кучайтириш муҳим вазифа эканлиги қайд этилди. Мазкур тадбир миллий адабиётимиз ривожига ҳисса қўшган буюк шоир хотирасига юксак ҳурмат ифодасидир.

Ушбу илмий-бадиий анжуманни ташкил этишда Филология кафедраси  мудири Райҳона Тиллаева ва профессор-ўқитувчилари  Иродахон Ибрагимова, Муҳтарам Икрамова, Сайёра Қозақова, Ойдина Тўражонова, Азизбек Тошпўлатовлар жонбозлик кўрсатдилар.

Улканбоева Матлуба ,НамДПИ катта ўқитувчиси.