Наманганда хотин-қизларни замонавий касбларга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ва иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган «LOLA-AI» онлайн платформаси ишга туширилди.
IT соҳасига қизиқувчи наманганлик қизлар томонидан ишлаб чиқилган ушбу лойиҳа олис ҳудудларда яшовчи, турли сабабларга кўра таълим марказларига қатнаб ўқиш имконияти чекланган хотин-қизларга замонавий билим олиш ва даромад топиш учун янги имкониятлар яратади.
Лойиҳанинг асосий мақсади — хотин-қизларни рақамли технологиялар соҳасида талаб юқори бўлган касбларга ўргатиш, амалий кўникмаларини ривожлантириш ва эгалланган билимларни даромад манбаига айлантиришга кўмаклашишдан иборат. Курсларнинг бепул ва онлайн шаклда ташкил этилгани иштирокчиларга уйдан чиқмаган ҳолда таълим олиш, ўз устида ишлаш ва масофавий меҳнат фаолиятини йўлга қўйиш имконини беради.
Лойиҳа муаллифи Нодира Арсланованинг маълум қилишича, ҳозиргача 150 нафардан ортиқ хотин-қиз дастурлаш, дизайн, реклама ва тарғибот материалларини тайёрлаш, шунингдек, сунъий интеллект воситаларидан самарали фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларни эгаллаган. Уларнинг 80 нафардан зиёди ўз иш фаолиятини йўлга қўйган. Лойиҳа иштирокчиларининг аксарияти масофадан туриб меҳнат қилиб, ойига 10 миллион сўмгача даромад топмоқда. Бу натижалар рақамли касбларни эгаллаш хотин-қизларнинг бандлигини ошириш ва молиявий мустақиллигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

«LOLA-AI»нинг яна бир муҳим жиҳати — олис ҳудудларда яшовчи хотин-қизлар учун ҳам таълим олиш имкониятини кенгайтиришидир. Улар яшаш жойидан узоқлашмаган ҳолда замонавий касбларни ўрганиши, масофавий ишлаш кўникмаларини эгаллаши ва оилавий юмушлар билан бирга даромад топиши мумкин. Шу маънода, лойиҳа рақамли таълимни аҳоли бандлигини таъминлаш ва хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш билан боғлайдиган амалий ташаббусдир.
Наманганда йўлга қўйилган ушбу лойиҳа ҳудудда хотин-қизларни рақамли касбларга ўқитиш ва уларнинг бандлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ёндашув сифатида эътиборга молик. Уни «Наманган тажрибаси» сифатида кенгайтириш ва бошқа ҳудудларда ҳам қўллаш имкониятлари лойиҳанинг қамрови ҳамда натижаларига боғлиқ. Ҳозирда яна юз нафарга яқин хотин-қиз платформа орқали таълим олиш истагини билдириб, рўйхатдан ўтган.
Келгусида инглиз тили, анимация, робототехника ва дизайн йўналишларида ҳам курсларни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Шунингдек, хотин-қизларга психологик кўмак бериш, уларнинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва ҳаётий қийинчиликларни енгиб ўтишига ёрдам бериш кўзда тутилмоқда. Янги йўналишлар иштирокчиларнинг касбий имкониятларини кенгайтириш, рақамли кўникмаларини ривожлантириш ва меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига кўмаклашиши кутилмоқда.
«LOLA-AI» платформаси хотин-қизларга замонавий касбларни ўрганиш билан бирга, ўз билими ва салоҳиятини даромадга айлантириш имконини беради. Лойиҳанинг кейинги босқичида таълим йўналишларини кўпайтириш, иштирокчилар сонини ошириш ва уларнинг иш билан таъминланишига кўмаклашиш орқали бу имкониятларни янада кенгайтириш мақсад қилинган.
