94 мамлакатдан келиб тушган 369 та ариза орасидан сараланган Ўзбекистон ташаббуси биринчи ўринни эгаллади.
Наманган шаҳридаги Президент мактаби тарих фани ўқитувчиси Аброржон Садриддинов ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Барқарор Келажак Жамияти» экологик таълим дастури халқаро эътирофга сазовор бўлди. Лойиҳа Европа таълим жамғармаси (ETF) томонидан ташкил этилган 2026 йилги «Green Skills Award» танловида ғолиб деб топилди.
Ташаббус мактабдаги оддий кузатувдан бошланган. Ўқувчиларнинг органик чиқиндиларни қайта ишлаш учун мўлжалланган қутилардан фойдаланаётганига эътибор қаратган Аброржон Садриддинов экологик таълимни назария билан чеклаб қўймасдан, уни амалий фаолиятга айлантиришга қарор қилди. Шу тариқа ўқувчилар билан биргаликда атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган янги дастур шаклланди.
«Барқарор Келажак Жамияти» халқаро «Эко-мактаблар» тизимини Ўзбекистон таълим муҳитига мослаштириш асосида йўлга қўйилган. Унда ўқувчилар мактабнинг экологик ҳолатини мустақил баҳолайди, муаммоларни аниқлайди, уларнинг ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва натижаларни таҳлил қилади. Бу орқали ёшларда танқидий фикрлаш, маълумотлар билан ишлаш ва лойиҳаларни бошқариш кўникмалари ривожланади.
Дастлаб Наманган шаҳридаги Президент мактабида татбиқ этилган дастур икки йил ичида сезиларли натижалар берди. Таълим муассасаси халқаро миқёсда эътироф этилган «Яшил байроқ» сертификатини қўлга киритди. Шунингдек, ўқувчилар ташаббуси билан чиқиндиларни қайта ишлаш, энергияни тежаш ва экологик муаммоларни бартараф этишга қаратилган 128 та лойиҳа амалга оширилди.
Кейинчалик ушбу тажриба бошқа таълим муассасаларида ҳам жорий этилди. Бугунги кунда ташаббус 25 та мактабни қамраб олган бўлиб, ундан фойдаланувчилар сони 25 минг нафарга етган. Европа таълим жамғармаси маълумотига кўра, мазкур моделни катта молиявий сармоя ёки мураккаб технологияларсиз ҳам бошқа мактабларда қўллаш мумкин.
«Green Skills Award — 2026» танловига жаҳоннинг 94 мамлакатидан жами 369 та ариза келиб тушган. Ўзбекистон вакиллари экспертлар томонидан сараланган олти нафар финалчи қаторидан жой олди. Ғолиблар оммавий овоз бериш орқали аниқланиб, биринчи ўрин мамлакатимиз жамоасига насиб этди. Перу ва Непал ташаббуслари эса мос равишда иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади. Босния ва Герцеговина, Кипр ҳамда Иордания лойиҳалари ҳам финалчилар рўйхатидан жой олди.
Тақдирлаш маросими 23–25 ноябрь кунлари Италиянинг Турин шаҳрида ўтказилган «Turin Global Skills Summit» халқаро саммити доирасида ташкил этилди. Унда 48 мамлакатдан 250 нафардан ортиқ иштирокчи ва 80 нафар маърузачи қатнашди.
Саммит Европа таълим жамғармаси томонидан ташкил этилган бўлиб, мазкур агентлик 28 та ҳамкор мамлакат билан иш олиб боради. Анжуманда таълим ва касбий тайёргарликнинг иқтисодий рақобатбардошлик, бандлик ҳамда ижтимоий ҳамжиҳатликни таъминлашдаги ўрни муҳокама қилинди. Шунингдек, олтита кўп томонлама тараққиёт банки томонидан ишлаб чиқилган, инвестиция лойиҳаларини режалаштиришнинг дастлабки босқичлариданоқ ишчи кучини тайёрлаш масалаларини ҳисобга олишга қаратилган тавсиялар тақдим этилди.
Мазкур ғалаба ҳақида фикр билдирган Аброржон Садриддинов атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳар бир инсоннинг бурчи эканини таъкидлаб, барқарор келажакни биргаликда қуриш мумкинлигини қайд этди.
Наманганда бир мактаб доирасида бошланган ташаббуснинг халқаро миқёсда эътироф этилиши экологик таълимни амалий фаолият билан уйғунлаштириш муҳим натижалар бериши мумкинлигини кўрсатади.




