Хушхабар! 2026 йил 25 ноябрь куни Наманган шаҳри БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (Food and Agriculture Organization of the United Nations — FAO) томонидан юритиладиган «Яшил шаҳарлар» халқаро тармоғи (FAO Green Cities Network) аъзоси сифатида расман эътироф этилди.
Ушбу эътироф шаҳар муҳитини барқарор ривожлантириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, экологик тоза муҳитни шакллантириш ҳамда озиқ-овқат тизимларининг экологик барқарорлигини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Мазкур халқаро эътироф арафасида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигидаги делегациянинг жорий йил октябрь ойи охирида Италия Республикасига амалга оширган расмий ташрифи ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Ташриф доирасида вилоят ҳокими БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) бош директорининг ўринбосари, FAO Инвестициялар маркази директори Муҳаммад Мансури билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ҳамда FAO билан ҳамкорликдаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Бу каби учрашувлар ҳудуднинг халқаро ҳамкорлигини кенгайтириш, янги ташаббусларни илгари суриш ва илғор тажрибаларни жорий этишда муҳим аҳамиятга эга.
Азалдан боғ-роғлари, сўлим хиёбонлари ва гуллари билан довруғ қозонган Наманган учун ушбу халқаро тармоққа аъзолик алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, шаҳарнинг тарихий анъаналарини замонавий экологик ечимлар билан уйғунлаштириш, яшил майдонларни кўпайтириш, аҳоли учун соғлом ва қулай яшаш муҳитини яратиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
FAOнинг «Яшил шаҳарлар» ташаббуси шаҳарларнинг экологик барқарорлигини ошириш, шаҳар ва унинг атрофидаги яшил ҳудудларни ривожлантириш, озиқ-овқат тизимларини такомиллаштириш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган.
Наманган шаҳрининг мазкур халқаро тармоққа аъзо бўлиши шаҳарнинг халқаро ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш, экологик ташаббусларни янги босқичга олиб чиқиш ва келажак авлодлар учун янада обод, яшил ҳамда барқарор шаҳар барпо этиш йўлидаги муҳим қадамдир.




